23:23 / 16.03.2019
4 479

Шамоллар шаҳри (фото)

Шамоллар шаҳри (фото)
Денгиз соҳилига туташиб кетган Бокуни бежизга бундай номлашмайди.
Сиз бу шаҳарга қайси фаслда борманг, Касбийдан келаётган майин шаббода хаёлингизни ўғирлайди ёки қаттиқ довул юзингизни чимчилагандай бўлади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Биз Озарбайжон пойтахтига кеч кузда борганимиз сабабли шамолнинг тез-тез ўзгариб туришига гувоҳ бўлган эдик.

Тарихи ўрта асрларга бориб тақаладиган “ички шаҳар” баланд деворлар билан ўраб олинган. Айрим манбаларга кўра, бу ердаги энг кўҳна иншоот – Муҳаммад масжиди ҳисобланади. У XI асрнинг бошларида қурилган.

Аслида эски шаҳар ҳудудида сақланиб қолган Қиз қалъаси энг кўҳна мажума эканлиги аллақачон тасдиқланган. Бироқ, афсуски, унинг айнан қачон бунёд этилганлигини маҳаллий халқ эслай олмайди.

Энг муҳими тарихий аҳамиятга эга бўлган “ички шаҳар”да ҳозир ҳам одамлар истиқомат қилишади ва улар ўзларини “қалъалик” деб таништиришни яхши кўришади.

Айтмоқчи, бу ердаги жин кўчаларда адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам муаммо йўқ. Негаки, барибир айланиб-айланиб денгиз бўйига, қалъа дарвозаларига ёки “İçərişəhər” метро бекатига чиқасиз.

Ўтган асрнинг бошларида, яъни нефть саноати ривожланишининг дастлабки даврига келиб, Боку ўзининг янги қиёфасини касб эта бошлади. Мисол учун, шаҳар ҳокимлиги биноси ва Муртазо Мухторов саройи Ғарб анъаналарига таянган машҳур архитекторлар Иосиф Плашко ҳамда Юзеф Гославский муаллифлигида яратилган.

Энг муҳими, шаҳарнинг эски ва янги қисмларидаги меъморий иншоотлар бир-бири билан умумий уйғунликка эга. Айни даврда қурилган замонавий бинолар Бокунинг асрий кўринишини янада бойитишга хизмат қилгандек.

Шаҳарда жамоат транспорти – метро, автобус ва такси хизмати яхши йўлга қўйилган. Мавжуд туристик объектларга бориб, улар билан танишиш учун етарли шарт-шароитлар яратилган.

Яна бир муҳим жиҳат. Шамоллар шаҳри хорижлик туристларда гастрономик жиҳатдан ҳам ўзига хос таассурот қолдириши табиий. Озарбайжонча паловдан тортиб, турли пишлоқлар, шарбат ва миллий ширинликларни таърифлашга ҳожат бўлмаса керак.
Беруний Алимов

Манба: Халқ сўзи

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шамоллар шаҳри (фото)