20:40 / 26 марта 2020
3 898

Коронавирус ҳақидаги асосий саволларга жавоб — Япониядаги рус олими

Коронавирус ҳақидаги асосий саволларга жавоб — Япониядаги рус олими
Коллаж: «Ридус»
Япониянинг RIKEN институти илмий ходими, Қозон федерал университетининг «Экстремал биология» лабораторияси мудири Олег Гусев ҳозир «Кунчиқар юрт»да коронавирусни аниқловчи экспресс-тест ишлаб чиқиш билан банд. «Ридус» сайти олимдан коронавирус бўйича кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олди.

«Японияда касаллар сони шиддат билан ўсиши кузатилмаяпти, бу албатта қувонарли. Гарчи коронавирус эпидемияси кутилаётган бўлса ҳам японлар анча хотиржам. Ҳеч қанақа саросима, ваҳима йўқ», - дейди Олег Гусев.

Коронавируснинг инкубацион даври 14 кун, шу боисдан шошилинч ватанига қайтган кишилар икки ҳафтагача атрофдагилар учун потенциал хавфли. Вирусни оммавий тест қилиш имконияти ҳозирча йўқ, карантин тартибини бузувчилар нохуш сюрпризларни келтириб чиқариши мумкин.

Вакцинация нима бўляпти?
Вакцинация — анча жиддий масала, уни ҳамма кутяпти. Деярли барча мамлакатларнинг олимлари шу иш билан банд. Масалан, АҚШда одамларда клиник синовлар бошлаб юборилди.

Аммо вакцинация тайёр бўлишини камида ярим йил кутишга тўғри келади, оммавий қўллаш учун жуда кўп рухсатномалар керак. Янги вакцина қандай хавф ёки таъсир кучига эга — ҳали билмаймиз.

Нега Японияда CODIV-19 деярли йўқ?
Хитойга ёнма-ён Японияда коронавирусни юқтирганлар сони нисбатан анча кам. Аммо амалдаги статистика тизими ўта мукаммал эмас, мавжуд ҳолат бошқача бўлишиям мумкин. Мисол учун, коронавирусни аниқлаш учун Японияда тахминан 15 мингта тест олинган, бу жуда оз. Солиштириш учун: Россияда юз минглаб кишилар коронавирус бўйича тестдан ўтган.

Вирусологнинг айтишича, тестлар етишмовчилиги сабабли ҳозирча Японияда оммавий тест ўтказилмаяпти, фақат касаллик аломатлари яққол намоён бўлганлар биринчи галда текшириляпти.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, 26 мартга келиб, Японияда коронавирус 1 307 кишидан аниқланган: вафот этганлар — 45, соғайиб кетганлар — 310 нафар.

Италияга нима бўлди? Нега ўлим ҳолатлари жуда кўп?
Италиядаги вазият бутун дунё олимлари томонидан таҳлил қилиняпти. Аммо эпидемия кенг тарқаб кетишига сабаб бўлган омиллар ҳозирдан кўзга ташланяпти. Итальянлар — меҳмондўст халқ, яқин мулоқотни яхши кўришади, ҳаммаси қучоқлашиб, ўпишиб кўришишади, мана нега вирус тез тарқаб кетди. Италиянинг иккинчи хатоси — вазиятга нотўғри баҳо бериши. Улар Хитой жуда олисда, вирус бизгача етиб келмайди деб ўйлашди, ўз-ўзини иҳоталаш, шахсий гигиена талабларини кучайтириш бўйича бирон чора кўришмади.

Хуллас, бир нечтагина жиддий хатолар Италиянинг бошига оғир кулфат келтирди, мамлакатда коронавирусдан касалланганлар сони геометрик прогрессия бўйича ўсиб боряпти. Агарда Италия ва Хитойни хавфсизлик нуқта назаридан солиштирадиган бўлсак, қаттиқ интизом, ўз-ўзини ҳимоялаш ва кучли гигиена билангина хитойликлар коронавируснинг янада кенг тарқаб кетишига зарба бера олишди.

Гречкани ғамлашга шошилманг
Ҳозир ғамлаш керак бўлган ягона нарса бу — соғлом ақл, дейди олим. Инсоннинг аҳмоқлиги олдида бу вирус ҳеч нарса эмас. Ҳозирча қишлоқ хўжалиги ёки бошқа соҳаларга бу вируснинг жиддий таъсири бўлган эмас, шу боис озиқ-овқат тақчиллиги юзага келмайди.

Сунъий тақчилликка одамларнинг ўзлари айбдор, дўконлардаги егуликлар, дорихоналардаги медикаментларни ортиғи билан харид қилиб, бу нарсаларга аслида муҳтож инсонлар — ногиронлар, кексалар, кам таъминланган кишиларни қийнаб қўйишмоқда.

Олимнинг айтишича, японлар ҳам аввалига енгил ваҳима кўтариб, дўконлардаги барча қуруқ ва ҳўл қоғоз салфеткаларни сотиб олишган. Одатда зилзила кутилаётган пайтларда бунақа ҳолатлар кузатиларди, шунинг учун ҳам японларни тушуниш мумкин.

Орадан икки ҳафта ўтиб бўшаб қолган пештахталар яна хилма-хил салфеткалар билан тўлиб кетди. Бошқа мамлакатларда ҳам шундай бўлиши аниқ, дейди олим.

Одамлар — ижтимоий мавжудотлар, агар телевизорда гречкани ғамлаб қўйинг дейишса, камида 80 фоиз одам, ҳатто гречкани хушламаса ҳам, дўконга югуради. Агар қайсидир маҳсулот вирусни енгади дейишса, эртага дўконда ўша нарсани тополмайсиз.

Ҳозир энг муҳими — ваҳимага берилмаслик, чунки бу занжир эффектига олиб келади. Вазиятни оқилона баҳоланг, ташвишга ҳожат йўқ.

коронавирус вакцина Олег Гусев
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)