17:53 / 31.08.2020
954

Қозоғистон карантин чораларини юмшатишнинг иккинчи босқичига ўтмоқда

Қозоғистон карантин чораларини юмшатишнинг иккинчи босқичига ўтмоқда
Фото: Sputnik
Қозоғистон ҳукумати коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли июль ойи бошида жорий этилган карантин чораларини юмшатишнинг иккинчи босқичига ўтишни бошлайди.

Республикада карантин чораларини аста-секин юмшатиш 17 августдан бошланган эди. Эпидемия ҳолати яхшиланишни бошлагани сабабли ҳукумат 26 август куни бу жараённи давом эттиришга қарор қилган.

Унга кўра, 31 августдан Қозоғистонда жамоавий тадбирларни ўтказмаслик шарти билан диний объектлар фаолияти тикланади. Ҳар бир мжозга 5 квадрат метр жой ажратиш шарти билан бассейнлар ва спорт машғулотлари заллари фаолиятига рухсат берилди. Бундан ташқари, 31 августдан бошлаб маданият объектлари, табиий боғлар ва қўриқхоналар очилади, шаҳардан ташқаридаги йўловчи поездлари ва шаҳарлараро автобус қатновлари иш бошлайди.

Мамлакатда 16 мартдан 11 майгача фавқулодда ҳолат режими амал қилган эди. Ундан кейин чеклов чораларини аста-секин олиб ташлаш бошланди. Бироқ июнь ойининг бошлариданоқ коронавирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сони яна ортишни бошлаган.

Вазият ёмонлашгани сабабли ҳукумат мамлакатнинг алоҳида ҳудудларида чекловлар жорий этди. Хусусан, пойтахт Олмаотада дам олиш кунлари қаттиқроқ санитария чоралари кучга кирган. Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев коронавирус тарқалишига қарши чоралар бўйича 29 июнь кунги йиғилишда Қозоғистонда 11 май куни чекловлар бекор қилинганидан буён касалланиш ҳолатлари сони етти баравар кўпайганини қайд этган.

Қозоғистон ҳукумати 14 июль куни карантинни 2 августгача узайтирганди, 30 июлда эса давлат комиссияси чеклов чораларини яна икки ҳафтага узайтириш тўғрисида қарор чиқарган. Ҳукуматнинг баҳолашича, бу кунлик касалланишлар сони ортишини камайтиришга ёрдам берган, соғайганлар сони эса 76 фоизгача ошган.

Шу муносабат билан коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича давлат комиссияси вилоят маъмурияти раҳбарларининг таклифларини ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идораларнинг фикрларини кўриб чиқиб, карантин чораларини босқичма-босқич олиб ташлаш режасини қабул қилди.

Хусусан, 17 августдан савдо-кўнгилочар марказлар ва савдо тармоқлари, ёпиқ бозорлар, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, бассейни бўлмаган спорт заллари ва сауналар, ўқув марказлари, мактабгача таълим муассасаларининг навбатчи гуруҳлари ва очиқ аттракционларнинг ишлашига рухсат берилди. Бундан ташқари, якка тартибдаги ва гуруҳли очиқ машғулотларга ҳамда терма жамоалар ва клуб жамоаларининг спорт машғулотларига рухсат берилди.

17 августдан жамоат транспорти ҳаракати ҳам тикланди, бироқ ундаги йўловчилар сони транспортдаги ўриндиқлар сонидан ошмаслиги зарур эди. Карантин чоралари юмшатилганига қарамай, иш берувчиларга камида 80 фоиз ходимларни масофавий ишлаш тартибида сақлаб қолиш тавсия этилган, шаҳарлараро автобус ҳаракатлари чекланган, оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ сақланиб қолган.

Айни пайтда Қозоғистонда 105 мингдан ортиқ кишида коронавирус тасдиқланган, 96 миндан ортиғи соғайган, 1 581 киши COVID-19 қурбонига айланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)