09:16 / 01.09.2020
1 733

Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш қачон бошланиши маълум қилинди

Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш қачон бошланиши маълум қилинди
Фото: «РИА Новости»
Россияда хавф гуруҳига кирувчи кишиларни коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2020 йилнинг ноябрь—декабрь ойларида бошланади. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Вазирнинг айтишича, ноябрь—декабрь ойларида препарат ҳудудларга етиб боришни бошлайди. Мазкур ҳафтада препаратни рўйхатдан ўтказишдан кейинги тадқиқотлар бошланади.

«Кўнгиллилар гуруҳлари йиғилмоқда, 40 минг киши. Бу назорат қилинадиган плацебо тадқиқотлари, улар бизга барча жиҳатларни кенг популяцияда ўрганиш имконини беради. Кўряпмизки, вакцина самарали, хавфсиз», — дея таъкидлаган вазир.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Гамалея институти томонидан яратилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олди. Вакцина тўлиқ самарадорлик тадқиқотини ўтказиш шарти билан рўйхатдан ўтказилган ва гувоҳнома 2021 йил 1 январга қадар амал қилади. Вакцина «Спутник V» деб номланди.

Аввалроқ вакцинани яратиш ва тадқиқ қилиш ишларини молиялаштирувчи Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2020 йил октябрь ойидан бошланишини айтганди.

Шунингдек, «Роспотребнадзор»нинг «Вектор» давлат илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирус инфекциясига қарши иккинчи вакцинанинг клиник синовлари иккинчи босқичи якунига етказилиши билан гувоҳномага эга бўлиши мумкинлиги хабар қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)