15:15 / 02.10.2020
625

Беларусда илк кўнгилли Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинасини қабул қилди

Беларусда илк кўнгилли Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинасини қабул қилди
Фото: «Москва» АА
Беларусда биринчи кўнгилли Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинасини олди. Бу ҳақда «ТАСС»га Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов маълум қилган.

«Беларусда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология маркази томонидан яратилган ‘Спутник-V’ вакцинаси клиник синовларининг биринчи иштирокчиси эмланди», — деган у.

Аввалроқ Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлигида Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси клиник синовлари 1 октябрдан бошлангани маълум қилинган.

Беларусь соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Дмитрий Пиневичнинг сўзларига кўра, синовда 100 киши иштирок этади. У, шунингдек, 4000 нафардан ортиқ беларусликлар вакцинацияда иштирок этиш истагини билдирганини маълум қилган.

Беларусь Россияда рўйхатдан ўтганидан сўнг «Спутник V» вакцинаси клиник синовларини бошлаган биринчи хорижий давлат бўлди. Мазкур масала Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ўртасида 24 июнда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда муҳокама қилинган, президентлар Россияда яратилган вакцина синовларининг учинчи босқичида беларусликлар кўнгилли сифатида иштирок этиши юзасидан келишиб олганди. Шунингдек, Беларусь мазкур вакцина етказиб бериладиган биринчи мамлакат бўлади.

Россиянинг «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш бўйича Қозоғистон ҳам битим имзолаган, Ўзбекистон ҳам ушбу вакцинанинг 5000 дозасини етказиб бериш юзасидан Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилган. Ўзбекистон, шунингдек, Россияда яратилган коронавирусга қарши вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга ҳам қизиқиш билдирган.

Ҳиндистон ва Россия ўртасида «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)