Китоб ўқиганларга пул берилади: 15 дақиқа учун мукофот

Сингапурда аҳолини кўпроқ китоб мутолаа қилишга жалб этиш мақсадида ўзига хос рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, китоб ўқиган одамлар шунчаки билим эмас, виртуал тангалар ҳам тўплайди.
Янги ташаббусда китоб мутолаасига сарфланган ҳар 15 дақиқа учун виртуал тангалар берилади. Кейинчалик йиғилган тангаларни ҳақиқий пулга айирбошлаш имконияти пайдо бўлади.
100 виртуал танга — 1 Сингапур доллари
Тизимга кўра, фойдаланувчи тўплаган 100 та виртуал тангани 1 Сингапур долларига алмаштириши мумкин.
Шу тариқа китоб ўқиш оддий бўш вақт машғулотидан молиявий рағбат берувчи фаолиятга ҳам айланади. Ташаббус аҳолини мутолаага қизиқтириш билан бирга, ёшлар ва катталарнинг рақамли қурилмалардан фойдаланиш одатларига ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Мақсад — телефондан китобга қайтариш
Лойиҳанинг асосий ғояларидан бири — одамларни ижтимоий тармоқларда узлуксиз контент томоша қилишдан чалғитиб, уларнинг эътиборини китобга қаратиш.
Айниқса, сўнгги йилларда кенг тарқалган «думскроллинг» — ижтимоий тармоқларда контентни тўхтовсиз пастга суриб кўриш одати кўпчиликнинг вақтини сезилмасдан олиб қўяётгани таъкидланмоқда.
Янги тизим эса бу одатга муқобил сифатида китоб мутолаасини илгари сурмоқда.
Агар ташаббус кутилган натижани берса, китоб ўқиш нафақат инсоннинг билим ва дунёқарашини бойитади, балки кичик бўлса-да, молиявий фойда келтирадиган одатга ҳам айланиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…