14:38 / 11.10.2020
1 382

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ҳибсга олинган ўғиллари қўйиб юборилди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ҳибсга олинган ўғиллари қўйиб юборилди
Фото: Kloop
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғиллари Сейид ва Қодир Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг тергов хизматига гувоҳ сифатида олиб борилган, улар сўроқ қилингандан сўнг, озод қилинган, дея хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизматига таяниб «Интерфакс».

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати Қирғизистоннинг собиқ раҳбарининг ўғиллари билан бирга Қирғизистон социал-демократик партияси аъзоси Темирлан Султонбеков ҳибсга олинганини, у гувоҳ сифатида сўроқ қилинаётганини хабар қилди.

Вазирлик 9 октябрь куни Бишкекда оммавий тартибсизликларни ташкил этиш фактлари бўйича жиноий иш қўзғади.

Ушбу иш бўйича тергов-суриштирув ишлари доирасида Қирғизистоннинг собиқ президенти, унинг маслаҳатчиси Фарид Ниёзов ва хавфсизлик хизматининг икки ходими ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларга кўра, парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиш учун зарур бўлган етти фоизлик довондан тўртта партия ўта олди. Бунда парламентдаги ўринларнинг ярмини умумий ҳисобда «Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон» партиялари эгаллади. Қайд этилишича, «Биримдик» партияси президент Сўронбой Жээнбеков оиласи билан яқин алоқаларга эга, иккинчи партия эса Қирғизистондаги энг нуфузли кишилардан ҳисобланадиган ака-ука Матраимовлар билан боғлиқ.

Сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб кишилар 5 октябрь куни намойишга чиқди. Намойишлар тартибсизликка айланиб кетди, тартибсизликларда бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши вафот этди. Намойишчилар мамлакат парламенти ва президент администрацияси жойлашган бинони эгаллаб олди, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни қамоқдан озод қилди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.

Норозилик намойишлари фонида Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мер тайинланди. Аммо шаҳарнинг расмий раҳбари Азиз Суракматов истеъфо ҳақида ариза ёзмади. Президенти Сўронбой Жээнбеков содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. Шунингдек, давлатнинг яхлитлиги, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хотиржамлигини бирламчи деб атаб, муайян шароитларда лавозимдан кетишга тайёрлигини билдирди.

9 октябрь куни Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди. Бишекда 9 октябрь соат 20:00 дан бошлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди, шаҳарга ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий техника киритилди. Айни шу куни мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан суиқасд уюштирилди. 10 октябрь куни эса Атамбаев қўлга олингани маълум қилинди.

Мамлакатга 10 октябрь куни Садир Жапаров бош вазир этиб тайинланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)