09:09 / 28.01.2021
2 642

Шифокор жой бўшатиш учун COVID-19 беморларини ўлдирган...

Шифокор жой бўшатиш учун COVID-19 беморларини ўлдирган...
Фото: «Brescia Today»
Италияда Монтикьяри шаҳар шифокори Карло Моска ётоқларни бўшатиш учун коронавирус билан касалланганларни ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, шифокор COVID-19 билан касалланган беморларга нафас олишни қийинлаштирувчи препаратни юборган. Унинг хатти-ҳаракатлари натижасида иккита бемор вафот этди. Битта ҳолатда мурда ёриб кўрилганда беморнинг тўқима ва аъзоларида дозаси бузилган тақдирда беморнинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган дори борлиги аниқланди, деб хабар бермоқда «Brescia Today».

«La Repubblica» нашрининг ёзишича, Италияда эпидемия авж олган паллада Моска коронавирус инфекциясига қарши курашда олдинги сафларда туриб хизмат қилган. Шифокорнинг айтишича, «ҳар бир смена иложи борича кўпроқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашган». Бироқ Брешиа прокурорлари томонидан илгари сурилган иккита беморнинг қотиллиги бўйича айблов шифокорнинг пандемияга қарши кўрсатган қаҳрамонона кураши тўғрисидаги ҳикояларни остин-устун қилиб юбориши ҳеч гап эмас.

Карло Москанинг коронавирус билан касалланганларни ўлдириш сабаблари ҳозирча номаълум. Ишга оид материалларга шифохона ҳамшираларининг ёзишмалари бириктирилган бўлиб, улар шифокорни тиббий муассасада ётоқларни бўшатиш учун беморларни ўлдирганликда гумон қилишган. Шу билан бирга, улар уни ақлдан озганга чиқаришган.

Aйни пайтда Моска уй қамоғида бўлиб, иши судда кўрилишини кутмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)