15:30 / 08.03.2021
2 335

Яна бир «текинхўр» юқори лавозим эгаси ишдан бўшатилди

Яна бир «текинхўр» юқори лавозим эгаси ишдан бўшатилди
Фото: «ANIbox»
Японияда навбатдаги юқори лавозим эгаси ишдан бўшатилди. Бош вазир Ёсихидэ Суга билан ораси қалинлиги айтилаётган бу раҳбар бизнес вакиллари ҳисобидан бепул овқатланган, дейилади NHK телеканали хабарида.

Умуммиллий ишлар ва коммуникациялар вазирининг собиқ ўринбосари Ясухико Таниваки давлат хизматчилари ахлоқи тўғрисидаги қонунни бузгани учун душанба куни вазирлик котибиятига ўтказилди. Таъкидланишича, у NTT телекоммуникация корпорацияси раҳбарияти ҳисобидан овқатланган.

«Киодо» агентлигига кўра, Таниваки 2018 йилнинг сентябридан 2020 йилнинг июль ойигача бўлган оралиқда тадбиркорлар ҳисобидан 107 минг иена (1000 доллар)га уч марта қорнини тўйғазган.

Можаро ўтган ҳафта, Таниваки бош вазир Суганинг Японияда мобил алоқа тарифларини пасайтириш режасида иштирок этаётгани хабар қилинганидан сўнг юзага келган.

Таниваки, шунингдек, яна ўнлаб амалдорлар қаторида бош вазир Суганинг ўғли юқори лавозимда ишлаётган «Tohokushinsha Film» компанияси ҳисобидан уюштирилган текин зиёфатда қатнашгани ҳам маълум бўлган.

Танивакининг қилмиши учун Умуммиллий ишлар ва коммуникациялар вазири Рёта Такэ кечирим сўради:
«Бу яна такрорлангани, жамоатчиликнинг давлат хизматига ишончи поймол этилганидан қаттиқ афсусдамиз. Кечиришингизни сўрайман».

Япониянинг давлат хизматчилари ахлоқи тўғрисидаги қонунига кўра, ўзига таклиф этилган овқат пули 10 минг иена (100 доллар)дан ошса, амалдор раҳбариятига хабар бериши шарт.

Илгарироқ вазирликнинг глобал стратегия бўлими директори Эйдзи Макигути ва Япония вазирлар кенгаши матбуот котиби Макико Ямада ҳам NTT компанияси ҳисобидан зиёфатда қатнашгани очилганди. Гарчи ҳар иккиси ҳам овқатга пулни ёнларидан тўлашганини иддао этишган бўлса-да, қайта ҳисоблаш овқатлар улар тўлагандан анча қимматлигини кўрсатди.

Текинга овқатланган матбуот котиби Ямада ўтган ҳафта ишдан олинганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Яна бир «текинхўр» юқори лавозим эгаси ишдан бўшатилди