14:14 / 03.04.2021
2 259

Россиянинг янги сувости кемаси Буюк Британияга яхшигина бошоғриқ бўлиши мумкин

Россиянинг янги сувости кемаси Буюк Британияга яхшигина бошоғриқ бўлиши мумкин
«Кашалот» кемаси.
Фото: «Wikipedia»

Россия яқин муддатда янги сувости кемасидан фойдалана бошлайди ва ушбу хатарли кема сабаб бир неча ўн триллион фунт стерлинглик молиявий операциялар хавф остида қолмоқда, деб ёзади Буюк Британиянинг «The Mirror» газетаси.

Қайд этилишича, «Кашалот» деб номланган сув ости кемалари денгиз остига – 3,2 км масофага шўнғийди. Инглиз ҳарбий-денгиз разведкаси ушбу кема сув остидаги коммуникация кабелларига зарар етказиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Гап шундаки, сув остидаги 400 га яқин коммуникация тармоқлари орқали кунига 8 триллион фунт стерлинглик молиявий транзакциялар амалга оширилади. Умуман, сувости коммуникация тармоқлари дунё иқтисодиётда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, веб маълумотларнинг 90 фоизи уммонлар остидан ўтган кабеллар орқали узатилади.

Хабарларга кўра, Россия сувости кемаларининг янги авлоди келгуси ойдан синовдан учун денгизга йўлланади. Британия ҳарбий-денгиз кучлари Россия сувости кемасига қарши тура оладиган разведка кемасини яратишга уринмоқда. Аммо бу борадаги тадқиқотлар 2024 йилда якуний натижа бериши кутилмоқда.

«Ғарб молия тузилмаларининг қон томири саналган сувости кабелларига ҳужум иқтисодиётга ҳамда ҳукумат фаолиятига ҳалокатли таъсир кўрсатади. Шу сабаб Қироллик ҳарбий-денгиз кучлари, шунингдек, ҳарбий-денгиз разведкасининг бош мақсади бу каби таҳдидларга қарши муносиб ҳимоя тизимини жорий этиш бўлмоғи керак», – деб ёзади «The Mirror».

Фаразларга кўра, коммуникация кабеллари билан бирга энергия қувулари ҳам ҳужумга учраши мумкин. Бу эса нафақат иқтисодиёт, балки экологияга ҳам улкан зарар келтиради.

Инглиз матбуоти агар уруш рўй бергудек бўлса, Россиянинг янги сувости кемаси Британиянинг ҳар бири 3,5 миллиард фунт стерлинг турадиган янги авианосецларига (самолётларнинг учиши ва қўнишига мўлжалланган ҳарбий кема) ҳам зарба бериши эҳтимолини баён этган.

«The Mirror» газетасига кўра, «Кашалот» Москванинг махфий денгиз лойиҳаси бўлиб, у денгиз тубида операциялар амалга оширишда қўлланади. Сувости кемалари ядро торпедоларини отиш қудратига ҳам эга.

2019 йилда инглиз матбуоти Россиянинг «Лошарик» сувости кемаси ҳақида ҳам ёзган эди. Қайд этилишича, мазкур сувости кемаси Россиянинг Арктикани энергетика ва минерал бойликлар базасига айлантириш режасини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

«Daily Express» нашри жорий йил март ойида Буюк Британия ташқи разведка хизматининг 100 га яқин ходими Лондондан Шотландияга сафарбар қилингани, инглиз махсус хизмати Россия жосуслари фитна ҳозирлаётганидан хавотирда экани ҳақида ёзди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россиянинг янги сувости кемаси Буюк Британияга яхшигина бошоғриқ бўлиши мумкин