Она ўғлининг уйи учун пенсияда ҳам ишлашга мажбур бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 63 ёшли Дебора Андерсон ўғли учун сотиб олган квартира хизмат тўловларининг кескин ошиши сабабли пенсияда ҳам ишлашга мажбур бўлди.
- Йиллик хизмат тўловлари 2018 йилдаги 1 200 фунтдан ҳозирда суғурта билан бирга қарийб 4 300 фунтга етган.
- Унинг таъкидлашича, автотураргоҳ харажатлари ҳам сезиларли даражада ошган, бу эса унинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда.
- Юқори хизмат тўловлари квартирани сотишни ҳам қийинлаштирган.
Шимолий Ирландияда яшовчи 63 ёшли собиқ ўқитувчи Дебора Андерсон ўғли учун сотиб олган бир хонали квартира сабаб пенсиядан кейин яна ишлашга мажбур бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, уй учун хизмат тўловлари йилига қарийб 4 300 фунт стерлингга етган.
Дебора 2018 йилда Лисберндаги Lisburn Square мажмуасидан 37 ёшли ўғли Росс учун хавфсиз уй харид қилган. Ўша пайтда йиллик хизмат ҳақи тахминан 1 200 фунт бўлган.
Бироқ 2020 йилда бу сумма 2 800 фунтгача ошган, унга яна 250 фунт суғурта тўлови қўшилган. Дебора бу ўзгариш ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди. Ҳозир эса суғурта билан бирга йилига қарийб 4 300 фунт тўлаяпти.
“Биз минглаб фунтни қаерга сарфлаётганимизни ҳам билмаймиз. Бу пул пенсия жамғармаларимиздан чиқяпти. Шунинг учун мен яна ярим ставкага ишлашга қайтдим”, — деди у Need To Know’га.
Дебора 2024 йил ноябрь ойида 1 000 фунтдан ортиқ қўшимча тўлов ҳам талаб қилинганини, уни 28 кун ичида тўлаш керак бўлганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, 2020 йилдаги ошиш турар жой ва тижорий ҳудудлар харажатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани билан боғлиқ. Бироқ аҳоли бу ҳақда олдиндан маслаҳатлашувга жалб қилинмаган.
Автотураргоҳ учун ҳам пул тўлаяпти
Деборани энг кўп норози қилаётган масалалардан яна бири — автотураргоҳ харажатлари.
Унинг айтишича, 2023 йилда аҳолининг автотураргоҳ электр харажатларидаги улуши 19 фоиздан 64,5 фоизга оширилган. Ўғлининг квартирасида парковка жойи бўлмаса-да, Дебора ҳозир бу ҳудуд учун йилига 1 000 фунтдан ортиқ тўламоқда.

Шунингдек, у лифтлар, таъмирлаш, тозалаш, қўриқлаш ва айрим жамоат ҳудудларидаги зарарларни бартараф этиш харажатлари ҳам аҳоли ҳисобидан қопланаётганини айтди.
Деборанинг таъкидлашича, зинапоя гиламида ҳам қоқилиб кетиш хавфини туғдирувчи тешиклар пайдо бўлган.
Квартирани сотиш ҳам қийинлашган
Дебора хизмат ҳақларининг кескин ўсиши мажмуадаги квартираларни сотишни ҳам қийинлаштираётганини билдирди.
“Мен бу квартирани сота олишимга ишончим комил эмас. Уни зарар билан сотишим мумкин. Лекин муаммони бошқа одамга ўтказишни ҳам истамайман”, — деди у.
Унинг айтишича, юқори хизмат тўловларини билган айрим харидорлар битимдан воз кечган, баъзи мулк эгалари эса нархни туширишга ёки уйни аукцион орқали сотишга мажбур бўлган.
Дебора яқинда Ambit CRE компаниясидан бюджет ва таъмирлаш ишлари бўйича норози бўлиб, мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқувчи ташкилотга мурожаат қилган. Ambit CRE’дан бу даъволар юзасидан изоҳ сўралган.






























Изоҳлар 0
…