Мушакбозлик сабаб самолёт қўнишни бекор қилишга мажбур бўлди

Мушакбозлик сабаб самолёт қўнишни бекор қилишга мажбур бўлди

Йўловчи самолёти учувчилари аэропортга қўниш арафасида ҳавода портлаётган мушакларни кўриб қолгач, кескин манёвр бажариб, қўнишни бекор қилишга мажбур бўлди.

Ҳодиса 14 сентябрь, душанба куни кечқурун Гватемаланинг Флорес шаҳридаги Mundo Maya халқаро аэропортида содир бўлган. Самолёт аэропортга қўниш учун яқинлашаётган пайтда мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирлари доирасида мушаклар отилаётган эди.

Бироқ мушаклар самолётнинг якуний қўниш йўналишига яқин жойда портлаётганини пайқаган Avianca авиакомпанияси экипажи хавфсизлик нуқтайи назаридан қўнишни давом эттирмасликка қарор қилди.

Учувчилар go-around, яъни қўнишни бекор қилиб, самолётни яна баландликка кўтариш манёврини амалга оширди. Шундан сўнг ҳаво кемаси аэропортнинг айланма ҳаракат йўналишига қайтиб, иккинчи марта қўниш учун ёндашувни бошлади. Бу ҳақда Need To Know хабар берди.

Самолёт иккинчи уринишда аэропортга муваффақиятли қўнди. Ҳодиса оқибатида йўловчилар ва экипаж аъзолари орасида жароҳат олганлар қайд этилмаган, самолётга ҳам зарар етмаган.

Ушбу воқеа самолётлар қўниш йўналишига яқин жойларда мушак отиш ҳаво ҳаракати учун қандай хавф туғдириши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар