12:43 / 01.05.2021
2 142

Россия ОТМларига кириш имтиҳонларини онлайн топшириш учун рухсат берилди


Фото: «ТАСС»
Россияда 2021 йилдан бошлаб ОТМларга кириш имтиҳонларини масофадан топшириш мумкин бўлади. Бу ҳақда Фан ва олий таълим вазирлигининг буйруғига таяниб «РБК» хабар берди.

Ҳужжатда таъкидланишича, коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфининг олдини олиш мақсадида кириш имтиҳонлари учун мурожаатларни масофадан туриб ҳам кўриб чиқиш мумкин.

Олийгоҳларда қабул комиссияси энг кечи билан 20 июндан иш бошлайди ва танланган абитуриентларнинг рўйхатлари 2 августгача эълон қилинади.

Аввалроқ Фан ва таълим вазирлиги 2021 йилда 576 498 нафар абитуриент бепул олий таълим олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Бу 2019 йилга таққослаганда 34 747 нафарга кўпроқ.

Фан ва олий таълим вазири Валерий Фальковнинг таъкидлашича, муҳандислик, педагогика, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги мутахассисликлари давлат учун устувор йўналишлар ҳисобланади. Айнан шу йўналишларга ҳудудлардаги талаб даражаси юқори ва шунинг учун кўпчилик бюджет ўринлари шу соҳалар учун ажратилган.

Энг кўп бюджет ўринлари ажратилган ҳудудлар орасида (Москва ва Санкт-Петербургдан ташқари) Татаристон, Свердловск, Ростов ва Новосибирск вилоятлари бор. Москвага 105 096 та, Санкт-Петербургга 50 724 та бюджет ўрни ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни «Роспотребнадзор» авиақатнов тикланган мамлакатлардан келаётган хорижлик талабалар учун айрим талаблар эвазига ўқишига рухсат берган эди. Ўзбекистон ТИВ Россия Ўзбекистон фуқароларининг кириб келишлари, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилмаганини маълум қилганди.

«Дунё»нинг дипломатик ваколатхонага таяниб ёзишича, 2020 йил охирида эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, Россия таълим муассасаларида Ўзбекистоннинг 35 мингга яқин фуқароси таҳсил олади. Айни пайтда уларнинг 7 мингга яқини Россияга кира олмаяпти.
Ҳозирда 25 та мамлакатдан келадиган талабаларнинг Россияга киришига рухсат берилган. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон киритилмаган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ОТМларига кириш имтиҳонларини онлайн топшириш учун рухсат берилди