19:35 / 07.06.2021
2 884

Туркманистон президенти ўғлига ахалтекин отини совға қилди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли — Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Олий назорат палатаси раиси Сердар Бердимуҳамедовга ахалтекин отини совға қилди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлигига таяниб, Tengrinews хабар берди.

Фото: turkmenistan.gov.tm
Хабарга кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов Копетдаг тоғлари этагида жойлашган Туркманистон президентининг Ахалтекин от спорти мажмуасига ташриф буюриб, «ўзининг севимли пойгачилари билан яна бир бор учрашди». У ерда Сердар Бердимуҳамедов отаси ёнига Ханкервен лақабли уч ёшли отни етаклаб келди. Апрель ойининг сўнгги якшанбасида нишонланадиган Туркман Ахалтекин оти ва Алабай ити миллий байрамлари муносабати билан ушбу от барча йилқичилар номидан давлат раҳбарига совға қилинди.
Туркманистон президентининг сўзларига кўра, айғирга берилган Ханкервен номи чуқур маънога эга, бу муқаддаслик ва ҳаётнинг давоми деган маънони англатади.

Давлат етакчиси агар Сердар Бердимуҳамедов Ахалтекин от йилқичилиги халқаро ассоциацияси ва Туркман Алабай халқаро ассоциацияси раҳбари сифатида ушбу айғирнинг эгасига айланса, тўғри иш бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Бердумаҳамедов ушбу «жаннат» отларини дунёда янада оммалаштириш учун барча саъй-ҳаракатлар қилинишига ишонч билдирди.

«Отнинг оёқлари бақувват, сағри кучли бўлсин, ўзи улуғлансин» деган сўзлар билан Гурбангули Бердимуҳамедов отни Сердар Бердимуҳамедовга топширди.

Кейин Туркманистон президенти Ханбег лақабли отни, Сердар Бердимуҳамедов эса Шаполат лақабли отни эгарлади. Улар пойга трассасида ушбу отларда сайр қилди.
«Бу мамлакатда миллий отчилик анъаналарининг сифат жиҳатидан янги мазмунини эгаллаётган авлодлар давомийлигининг яна бир далили бўлди», — деб ёзади давлат ахборот агентлиги.

Март ойида Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғлини фахрий унвон билан, апрель ойида эса «Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар» унвони билан тақдирлаган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистон президенти ўғлига ахалтекин отини совға қилди