22:00 / 30.11.2021
4 381

Очдан ўлмаслик учун қизларини сотаётган афғонлар (фото, видео)

Очдан ўлмаслик учун қизларини сотаётган афғонлар (фото, видео)
Оиладагилари очдан ўлмаслиги учун 500 долларга сотилган чақалоқ.
Фото: BBC

Толибон ҳукуматга келгач, очлик хавфи остида афғон оилалари фарзандларини пул эвазига сотишга уринмоқда. Ташқи ёрдамнинг пайи қирқилгани мамлакат иқтисодиётини инқироз ёқасида қолдирмоқда. Хорижий нашрлар, жумладан, BBC, CNN ушбу ҳолат ҳақида материаллар эълон қилди. «Дарё» Афғонистоннинг чекка ҳудудларида, қашшоқлик ва очлик ҳукм сураётган қишлоқларида сотилаётган қизалоқлар ҳақидаги бу мақолаларни таржима қилди.

BBC мухбири Ёгита Лимая Афғонистон ғарбига, Ҳиротдан узоқроқда жойлашган қишлоққа сафар қилиб, бошқа болаларини асраб қолиш учун эндигина дунёга келган чақалоғини 500 долларга сотган она билан суҳбатлашди.

Исми номаълум харидор уларга қизгинани ўстириб, ўғлига никоҳлаб қўйишини айтиб, ота-онани ишонтирган, лекин унинг орзу-ниятига кафолат йўқ. Харидор оилага бир неча ойга етгулик озиқ-овқат учун 250 доллар бўнак бериб, қолганини «қизалоқ тетапоя қилгач» қайтиб келиб тўлашини билдирган.

Катталари очликдан ўлар ҳолатга келаётгани учун қизимни сотишга мажбур бўлдик, – дейди она BBC’га. – Қандоқ ғамга ботмай? Ахир у ҳам болам. Қанийди сотмаганимда...

Афғонистон – ўнлаб йиллар давом этган можаролар, коррупция учига чиққан, ҳукумат бошқарса ҳам, бутунлай Ғарбга муте, ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизи чет эл ёрдамига боғлиқ қашшоқ ўлка.

Коронавирус пандемияси, қурғоқчилик, бир кеча-кундузда ҳукуматнинг қулаши, уч ойча аввал бошқарувнинг «Толибон» қўлига ўтиши вазиятни оғирлаштирди, мамлакат иқтисодиётини бутунлай боши берк кўчага олиб кирди.

Кўмак тўхтагач, озиқ-овқат нархи ошиб, пул қадри тушиб кетган, ишчилар маошсиз, маҳаллий тадбиркорларнинг бозори касод, оилалар эса ўзларида бор жамики нарсани – ҳатто болаларини ҳам – омон қолиш ниятида қурбон қилишга мажбур.

Чиқинди-ахлатларни йиғиб-териб рўзғор тебратадиган ота бугун қандай йўл билан бўлмасин, пул топишга уриняпти. Оиланинг бундан бўлак чораси йўқлигини тушунтиради.

Оч яшаяпмиз. Уйда на ун, на ёғ бор. Ҳеч вақо йўқ. Гўдак қизим келажаги қандай бўлишини ҳозир тушунмайди. Уни сотганимиз ҳақида кун келиб нима дейишини ҳам билмайман. Лекин шунга мажбур бўлдим, – дейди у.

500 долларга сотилган чақалоқнинг отаси ва акалари.
Фото: BBC

Болалар никоҳи Афғонистонда асрлар бўйи ҳукмрон. Мамлакатнинг бугунги танг иқтисодий аҳволи жуда кўп оилани юқоридаги ҳолатга солаётгани рост. Қизлар ҳаётини барвақтдан барвақт битимга тикишга олиб бормоқда.

Бўлғуси куёвнинг ота-онаси яхшигина савдолашиб, тўловлар орқали қизларни қарамоқларига оладилар.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистоннинг ярмидан кўп аҳолиси, тахминан, 22,8 миллион киши келаси ойлар давомида тўйиб овқатланмаслик ва очдан ҳалок бўлиши, «зудлик билан даволанмаса», миллионлаб бола ҳам ўлим хавфи остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бор-йўғи 5 фоиз оиланинг ҳар куни ейишга озиқ-овқати бор, дея ҳисоб беради дастур.

«Бундай аянчли ҳолатдан чиқиш учун миллионлаб доллар зарур, – дейди халқаро ташкилот. – Нақд пуллар эса ‘Толибон’нинг талон-торожидан қўрқиб ўтирган ҳукумат қўлида ҳалиям».

Дарвоқе, «Болаларни асранг» халқаро ташкилотининг келтиришича, оилалар «кичик болаларини овқат илинжида пуллашмоқда, каттароқларини ишлагани юборишмоқда ёки биргина қуруқ нон билан кун кечирмоқда».

Вазият жиддийлигини таъкидлаган ҳолда, шу ҳафта пойтахт Кобулда саккиз нафар бола очдан ўлгани хабар қилинди.

Яқин-атрофдаги масжид имоми Муҳаммад Али Бомиёний журналистларга оталари саратон, оналари юрак хасталигидан вафот этгач, ғирт етим қолган жигарбандлар ҳақида сўзлаб берди.

Имом сўзлаётиб, болаларнинг уйига кираркан, «Саккиз нафариям аллақачон ўлиб бўлганди. Очликдан жон бергани очиқ-ойдин кўриниб турарди. Фақат биттаси шу қадар мажолсиз, бедармонлигидан оёғиниям чўзолмасди», – дейди.

Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг маълум қилишича, Афғонистоннинг чекка ҳудудларида қайд этилган қашшоқлик даражаси ҳозир катта шаҳарларга «ҳужум» қилмоқда. Бу қиш ҳамма озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечириши тайин.

Яқинлашаётган қаҳратон қиш қурғоқчиликни бошдан кечирган, ўзи озиқ-овқатга муҳтож 7,3 миллион деҳқон ерларини «қирқиб ташлаш» билан таҳдид қилаётгани бор гап.

Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти зудлик билан маблағ йиғиб, барчани тўйдиришга ойига 220 миллион доллар керак бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Қурғоқчиликдан азият чеккан қишлоқларга ёрдам тариқасида яна 211 миллион доллар керак бўлади.

Хорижий кўмакнинг узилгани соғлиқни сақлаш тизимига жиддий таъсир кўрсатди. Тиббиёт ходимларига ҳақ тўланмаяпти, тиббий ёрдам учун бирор фонд, жамғарманинг ўзи йўқ.

Ёш эгизаклари Ҳиротнинг «Чегара билмас шифокорлар» халқаро мустақил нотижорат тиббий-гуманитар ташкилоти касалхонасида ётган она: «Иккала болам ҳам ўлим билан олишяпти. Қўлимизда дуруст пулимиз ҳам йўқ», – дейди. «Бутун дунё афғонларга ёрдам берса қанийди. Ҳеч бир онага менингдек болаларининг ўлими билан юзма-юз келганини кўриш насиб қилмасин».

Эгизаклари ўлим билан олишаётган она.
Фото: BBC

Мамлакатлар етакчилари ўлкага 1 миллиард доллар ёрдам пули ажратишни ваъда беришди, лекин бу маблағ «Толибон» таловига учрамаслиги йўлини изламоқдалар.

Ғазначилик департаментининг собиқ ходими ва Янги Америка хавфсизлиги маркази ходими Алекс Зерден ўтган ой CNBC телеканалини Толибон сафларида коррупция потенциали «юқори» эканидан огоҳлантирганди.

Катта ҳажмдаги нақд пуллар айланадиган миллий банк қатори Афғонистон банкларининг тўртдан бир қисми давлатга тегишли, дейди у.

«Толибон божхона, солиқни назорат қилади. Бир ой аввал товламачилик билан шуғулланганлар эндиям ўзгармайди деб ўйлайман», дея сўзига якун ясайди.

Афғонистон ғарбига қурғоқчилик ёпирилгач, турмуш ўртоғи уйдагилар очдан ўлмаслик учун икки кенжа қизларни сотамиз, деганида Фаҳима кўп йиғлади.

Кийими-ю юзлари лойга чапланган олти яшар Фаришта ва эндигина бир ярим ёшни тўлдирган Шукрия йиртиқ-ямоқ брезент бошпанада оналарининг олдида жилмайиб ўтиришади.

Улар уйдагиларнинг омон қолиши учун сотилганларини билишмайдиям. Куёвнинг оиласи каттаси учун 3350 доллар, кичкинасига 2800 долларча пул тўлади.

Вақти етиб, айтилган сумма тўлиқ тўлангач, қизалоқлар ота-оналари, Бадғис вилояти Қалъаи Навдаги бошпанасизлар жамлоғига хайр дейишларига тўғри келади.

Бундай аянчли тақдирлар минглаб уйсизлар, айниқса, Афғонистоннинг энг қашшоқ, қурғоқчиликдан азият чекаётган тумани учун оддий ҳолга айланиб бўлган.

AFP мухбири бошпанасизлар жамлоғи ва қишлоқларда юриб, 15 тача оила чақалоқ қизларини 550 доллардан 4000 долларгача сотишга уринишаётганига гувоҳ бўлади.

Бу «тажриба» кенг қулоч ёзган. Жамлоқлар ва қишлоқдагилар бундай ҳолат 2018 йилги қурғоқчиликдан кейин кўп учрагани, шу йилгиси эса сонларни орттириб юборганини айтишади.

Бадғис вилоятининг Қалъаи Навдаги бошпанасизлар жамлоғидан қўним топганлар. 2021 йил 17 октябрь.
Фото: BBC

Фаҳимага қўшни яшайдиган 25 ёшли Сабеҳреҳнинг оиласи баққолдан доим барра маҳсулотлар сотиб олади. Баққол эса қарзларини тўлашмаса, «қаматиб юбориш» билан огоҳлантирган.

Қарз-ҳаволани тўлаш учун оила 3 яшар Закереҳни баққолнинг 4 яшар ўғли Замбиолаҳга никоҳланиши учун сотди. Қизалоқнинг ҳеч нарсага фаҳми етмайди. Қайнота эса ўғли улғайиб, келинни ўзи олиб кетишга тайёр бўлмагунича кутиб туришга қарор қилди.

Бу ишимиздан қайғудаман. Аммо ейишга ҳеч вақомиз йўқ. Агар шундай давом этаверса, уч ойлик қизалоғимизни ҳам сотишга мажбур бўламиз, – дейди Сабеҳреҳ алам билан.

Кўпчилик сотяпти қизларини, – дейди яқиндагина 8 ёки 9 яшар Асе исмли қизини уларга қарз берган 23 яшар йигитга сотган Гул Биби.

Йигит ҳозирча Эронда. Лекин Гул Биби вақти келиб куёв юртга қайтиб, Асени олиб кетишини ўйласа, даҳшатга тушади.
Биламиз, бу яхши иш эмас, аммо бошқа иложимиз ҳам йўқ, – дейди қўшни жамлоқдан қўним топган Ҳаётуллоҳ суҳбатга аралашиб.

Қалъаи Навдаги бошқа жамлоқда яшайдиган Муҳаммад Ассан шаҳардан анча олисдаги келинлик уйларига олиб кетилган қизлари 9 яшар Сиана ва 6 яшар Ҳадия Гулнинг суратларини кўрсатиб, ғазабини яширолмайди.

Уларни кейин бошқа кўрмадик, – дейди у. – сотмоқчи эмасдик, начора, бошқа болаларим тирик қолиши учун шунга кўндим. – Қизларим соғ-саломат, ейишга нимадирлари бор ҳар ҳолда, – давом этади у. Ўзини юпатишга уринаркан, қўшнилари улашган нон бўлакларини кўрсатади. Бугунга ейишга шугина бор, холос.

Касалманд хотинининг харажатлари борлиги учун Ассаннинг боши қарздан чиқмайди. Бир неча кун олдин 4 яшар қизига харидор излашга тушди.

Баъзи кунлари ичимга чироқ ёқса, ёришмайди. Уйдан чиқиб кетиб, кетавераман, кетавераман, қаерга кетаётганимни эса билмайман, – дейди унинг аёли Дада Гул титиғи чиқиб кетган чодирда ўтирганча.

Оналар учун бу ҳолат – ниҳоясиз даҳшатли туш. Болани сотишга қарор қилиш, йиллар бўйи – қизлари 10–12 га киргунча, эгасининг хонадонига кетиш ёшига етгунча кутиш, кейин ажралиш даҳшатнинг ўзи.

Қурғоқчиликдан азият чеккан 43 яшар бева Робия эса қўлидан келганича бу жараённи ортга суришга уриняпти. 12 га кирган қизини 550 долларга сотган, лекин куёв хонадони қизни бир ойча аввал олиб кетишга келганларида бу муддатни яна бир йилга чўзишларини ялиниб-ёлвориб сўраганди.

«Агар ейишга нимадир топилса», Робия қизини қайтариб олмоқчи. Лекин яна ёнидаги уч боласи билан яшашнинг ўзи бўлмайди. 11 яшар ўғли новвойхонада ишлайди. Кунига 50 сент пул топади. 9 яшар ўғли эса ахлат-чиқиндиларни йиғиб юради.

«Юрагим чил-чил синиб кетади, аммо болаларимни асраб қолишим керак», – дейди у.

Жамлоқда тиланчилик қилиб ёки арава тортиб, яқинлашаётган қишдан эсон-омон чиқишни ўйлаб арзимаган чақа эвазига кун ўтказадилар.

«Бу адолатдан эмас»
Ҳар кеч Абдул Раҳим Акбар ўта қашшоқ оилаларга кўмак учун нон йиғиб юради. «Жамлоққача етиб келган минглаб оилани кўрганман. Укам ҳам», – дейди у.

Бир неча кун олдин у Толибонларнинг расмийси ҳузурига бориб ёрдам беришларини сўради. 90 фоиз аҳолиси етарли озиқ-овқатдан маҳрум вилоятга кўмак беришга ҳукуматнинг имкони йўқ, аслида.

Толибон шу йилнинг августида иқтидорга келгунча аввалги ҳукумат қонунида 16 ёшдан кичик қизларнинг никоҳи тақиқланарди.

ЮНИСЕФнинг 2018 йилдаги ҳисоботига кўра, 28 фоиз афғон қизлари 18 га тўлмай узатилган. Бунга молиявий муаммолар асосий сабаб. Чунки никоҳ хонадондагиларнинг эсон-омонлигини таъминлайдиган нажот йўлидир. Бироқ барвақт турмушга чиқаётган қизлар фарзанд дунёга келтиришда аросатда қолиш, оиладаги зўравонлик қурбони бўлиш хавфи остида қолиши кўпроқ бўлади.

Куёвлар учун эса ёш қизни сотиб олиш фойданинг ўзи. Чунки каттароқ ёшдагилар қимматроқ туради.

Афғонистоннинг шундоқ шимолидаги учинчи энг катта шаҳар – Ҳиротнинг бошпанасиз аҳолиси бошига улкан офат хавф солмоқда. Бадғислик уй-жойидан ажралган Алаҳиддин ҳам 10 яшар қизини сотганлардан.

Бошқа чорам бўлганида бу ишга ҳечам қўл урмаган бўлардим, – дейди у. Унинг яна 5 ёшли бошқа қизи бор. Имконини топса, шу «қизини ҳам сотмоқчи».

Рости, оталар азобини яширишга қўпол сўзлар камлик қилади. Оиласини чинданам таъминлай олмаслигини юз-кўзи, овози шундоқ фош этиб қўяди.

Биламан, бу нотўғри, – дейди собиқ нишондор култиватор Боз Муҳаммад. – Ҳаммамиз қирилиб битамиз деб ўйлагандим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Очдан ўлмаслик учун қизларини сотаётган афғонлар (фото, видео)