Олимлар итлар инсон ҳиссиётларини қандай англашини аниқлади

Вена университети тадқиқотчилари итлар инсоннинг хурсандчилик, қайғу, ғазаб ва қўрқув каби юз ифодаларини мияда турлича қайта ишлашини аниқлади. иСсиенсе журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, хурсанд юзлар итларнинг чакка пўстлоғи ва каудат ядросида кучлироқ фаоллик уйғотган, салбий эмоциялар эса мияда ўзига хос фаоллик шаклларини ҳосил қилган.
Ит эгалари кўп йиллардан буён уй ҳайвонлари инсоннинг кайфиятини, ҳатто юз ифодасидан ҳам сеза олишини пайқаб келади. Энди эса олимлар итлар миясида бу қобилият қандай ишлашини тушунтириши мумкин бўлган илмий далилларни аниқлади.
Вена университети тадқиқотчилари итларнинг мия фаолиятини махсус сканер орқали кузатиб, уларга турли ҳис-туйғуларни ифодалаётган инсон юзлари акс этган суратларни кўрсатди. Тадқиқот натижалари iScience журналида эълон қилинди. Унга кўра, итлар инсоннинг хурсандчилик, қайғу, ғазаб ва қўрқув каби юз ифодаларини мияда турлича қайта ишлайди.
Хурсанд юз итларда кучли реакция уйғотади
Тадқиқотда хурсанд инсон юзларини кўрган итларнинг миясида юқори даражадаги когнитив жараёнлар ва мукофот тизими билан боғлиқ айрим соҳалар, жумладан, чакка пўстлоғи ва каудат ядросида фаоллик ошган.
Тадқиқот раҳбари Лаура Куайянинг таъкидлашича, бу натижалар итларнинг инсонлар билан узоқ йиллар давомида яшаш жараёнида қанчалик мураккаб ижтимоий қобилиятларни шакллантирганини кўрсатади.
Итлар инсонлар ва бошқа приматлар каби эволюция йўлидан ўтмаган. Бироқ минглаб йиллар давомида одамлар билан ёнма-ён яшагани уларга инсонларни тушуниш ва улар билан ҳамкорлик қилишнинг мураккаб усулларини ривожлантиришга ёрдам берган.
Тадқиқотнинг дастлабки босқичида 8 та ит — олтита бордер-колли, лабрадор ва голден-ретривер текширилган. Уларга нотаниш инсонларнинг хурсанд ёки бетараф юз ифодаси акс этган суратлари кўрсатилган. Хурсанд чеҳраларга миянинг кучлироқ жавоб қайтариши итлар учун инсоннинг ижобий эмоцияси муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатган.

Кейин тажрибадаги итлар сони 12 тага етказилиб, уларга хурсандчилик, ғазаб, қўрқув ва қайғуни ифодаловчи юзлар намойиш этилган. Машинали ўрганиш технологиялари ёрдамида олимлар итлар мияси ҳар бир салбий эмоцияга нисбатан ўзига хос фаоллик шаклларини ҳосил қилишини аниқлаган.
Итлар фақат юзга қараб хулоса қилмайди
Тадқиқот ҳаммуаллифи Рауль Эрнандес-Переснинг айтишича, инсонлар юздаги жуда кичик ўзгаришларни ҳам пайқашга моҳир ва итлар ҳам шунга ўхшаш қобилиятга эга.
Айниқса, каудат ядросидаги фаоллик олимлар эътиборини тортган. Ушбу мия қисми турли ҳайвонларда мукофот ҳисси билан боғлиқ. Итларда эса бу ҳудуд нафақат овқат билан боғлиқ мукофотларга, балки инсоннинг мақтови ёки таниш одамнинг ҳидини сезиш каби ижтимоий тажрибаларга ҳам жавоб бериши аввалги тадқиқотларда аниқланган.
Шу сабабли олимлар ҳатто нотаниш инсоннинг хурсанд чеҳрасини кўриш ҳам ит миясида ижобий эмоционал жараённи келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Бироқ итлар инсон ҳис-туйғуларини фақат юз ифодаси орқали англамайди. Улар тана ҳаракатлари, овоз оҳанги, ҳид ва юздаги ўзгаришларни биргаликда қабул қилиши мумкин.
Итларни МРТ текширувига тайёрлаш осон бўлмаган

Тадқиқотда иштирок этган итлар соғлом, ўртача ҳажмдаги ва баланд овозларга нисбатан хотиржам бўлиши талаб қилинган. Улар махсус тарзда машқ қилдирилган: дастлаб бир неча сония қимирламай туришдан бошлаб, кейин бу вақт аста-секин узайтирилган.
Итлар МРТ муҳитига ҳам босқичма-босқич ўргатилган. Улар ускуналар, махсус ҳолатда ётиш ва сканер овозлари билан олдиндан таништирилган. Муҳими, олимлар итлар тадқиқотда ихтиёрий равишда иштирок этганини ва истаган пайтида жараённи тарк этиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, тадқиқотнинг айрим чекловлари бор. Текширилган итлар сони кам бўлган, уларнинг аксарияти эса инсоннинг ижтимоий сигналларига жуда сезгирлиги билан танилган бордер-колли зотига мансуб.
Шунинг учун турли зотлар инсон юз ифодаларини турлича талқин қилиши эҳтимоли ҳам бор. Бу масалага аниқлик киритиш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.
Олимлар энди итлар инсонлар юборадиган турли сигналларни қандай қабул қилишини янада чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқда. Бу тадқиқотлар нафақат итларни тушунишга, балки инсонларга ҳам уй ҳайвонларининг ўз ҳис-туйғуларини қандай ифодалашини яхшироқ англашга ёрдам бериши мумкин.
Эҳтимол, итлар эгасининг юзини олимлар унинг миясини сканер қилишни бошлашидан анча олдин «ўқиб» келган.






























Изоҳлар 0
…