Океанда “ўз умрини орқага қайтариши” мумкин бўлган жонзот бор

Океанларда инсон тасаввурини ҳайратга соладиган жонзотлар жуда кўп. Аммо улар орасида ҳаёт циклини гўё «орқага қайтариш» қобилияти билан машҳур бўлган бир тур бор. Гап Turritopsis dohrnii — «ўлмас медуза» деб аталадиган майда жонзот ҳақида кетмоқда.
Ушбу медузанинг энг ғайриоддий хусусияти шундаки, у оғир шароитга тушганда одатий ҳаёт циклини тескари йўналтириши мумкин. Масалан, жароҳатланиш ёки очлик каби стресс ҳолатларида катта медуза шаклидан яна ёш полип босқичига қайтади. Кейин эса ушбу босқичдан яна янги медуза ривожланади.
Бу жараён оддий қариш жараёнидан кескин фарқ қилади. Медузанинг айрим махсуслашган ҳужайралари ўз хусусиятини ўзгартириб, бошқа турдаги ҳужайраларга айлана олади. Илмий тилда бу жараён трансдифференциация деб аталади. Шу орқали жонзот ҳаёт циклини қайта бошлаш имконига эга бўлади.
Шу сабабли олимлар Turritopsis dohrniiни биологик жиҳатдан «ўлмас» деб аташади. Бироқ бу уни мутлақо ҳеч қачон ўлмайди, дегани эмас. Медуза касаллик, йиртқичлар ҳужуми ёки бошқа ташқи хавфлар туфайли ҳалок бўлиши мумкин. «Ўлмаслик» тушунчаси асосан унинг қарилик туфайли ҳаёт циклини тугатишдан қоча олишига ишора қилади.






























Изоҳлар 0
…