Хитой олий суди криптовалюта ва AI бўйича янги қоидаларни ишлаб чиқади

Хитой Олий халқ суди (СПК) рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш механизмларини аниқлаштириш мақсадида виртуал валюталар ва трансчегаравий молия ишлари бўйича янги суд қоидаларини ўрганишини маълум қилди. Суд вакили Лиу Гуихиангнинг сўзларига кўра, тез орада инсайд савдоси ва бозор манипуляцияси билан боғлиқ фуқаролик компенсациялари бўйича ҳуқуқий талқинлар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Шунингдек, суд сунъий интеллект (AI) ва маълумотларга бўлган мулк ҳуқуқи, жумладан, AI томонидан яратилган контент ва маълумотлар транзакциялари бўйича суд ҳимояси қоидаларини ўрганишни режалаштирмоқда. Ушбу ташаббус крипто ва AI соҳасидаги интеллектуал мулк ҳуқуқларига оид даъволарда судлар қандай қарор қабул қилиши ва жавобгарликни белгилаши бўйича аниқ ички стандартларни яратишга қаратилган.
Ушбу янгилик Хитойда криптовалюта саноатига нисбатан муносабат мураккаб бўлиб қолаётган бир пайтда эълон қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2013-йилда Хитой Халқ банки (ПБОК) молиявий муассасаларга Bitcoin билан боғлиқ хизматларни тақиқлаган эди. 2021-йил сентябрь ойида эса мамлакатда барча крипто транзакциялари ва майнинг фаолияти бутунлай ман этилган.
Янги кўрсатмалар мамлакатда кўпайиб бораётган крипто ва AI билан боғлиқ суд ишларида изчилликни таъминлаши кутилмоқда. Бу чоралар, айниқса, яқинда юз берган йирик фирибгарлик ишлари ва АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Чен Жи иши доирасида 15 миллиард долларлик Bitcoin мусодара қилинганидан сўнг янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!