date

Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар ушлаб қолинди

Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар ушлаб қолинди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро бошқарувидаги Cobalt Тожикистондан Бешариқ туманидаги Ровот чегара божхона постига кириб келган вақтида тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига ўрнатилган газбаллони ичидан 53 дона ўрамда гиёҳвандлик воситалари топилган. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 50 кг 852 гр опий ва 6 кг 927 гр гашиш моддалари борлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида автотранспорт эгаси ушбу ажал оғусини Душанбе шаҳридан олиб келаётганлиги маълум бўлган.

Самарқанд вилоятида қайд этилган ҳолатда Ургут туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро Gentra машинасида “Самарқанд-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Нарпай тумани ҳудудида ДХХ, Божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилган. Машина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Тожикистондан олиб келинган 981 гр героин моддаси борлиги аниқланган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса “Андижон – Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган ВАЗ 2106 машинаси Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилган. Натижада, Андижон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1986 йилларда туғилган ака-ука кетаётган машина салонидан 1 кг 833 гр гашиш моддаси топилган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан бирининг яшаш манзилидан ҳам 1 кг 469 гр гашиш моддаси олинган.

Терговга қадар текширув давомида ушбу наркотик моддалар келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинганлиги маълум бўлган. Таъкидланишича, ака-укаларнинг каттаси муқаддам айнан наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс бўлган.

Яна бир ҳолатда эса Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро 3 кг 949 гр гашиш моддасини Андижон шаҳрида шартли харидорга 28 минг долларига сотган вақтида қўлга олинган. Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро ушбу ажал оғусини муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан қолдириб кетилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойдан олган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар ушлаб қолинди