18:12 / 03.08.2019
3 734

Президентнинг блогерлар ҳақидаги гапига ижтимоий тармоқларнинг муносабати: «Блогерлар келдими? Суз ошни!»

Президентнинг блогерлар ҳақидаги гапига ижтимоий тармоқларнинг муносабати: «Блогерлар келдими? Суз ошни!»
2 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев селектор мажлисида ҳокимларни кескин танқид остига олиб, улардан халқ олдида кечирим сўрашни талаб қилди. Бу сўзлар акс этган аудиоёзув интернетга чиқиб кетди. Аудиоёзув охирида президент ҳокимларга улар блогерларга ҳисобот бериши лозимлигини айтгани акс этган.

Бу аудио интернетда улкан шовшув келтириб чиқарди. Аввало, блогерларнинг ўзи уларнинг ижтимоий муаммоларни кўтариш борасидаги саъй-ҳаракатлари давлат раҳбари томонидан эътироф этилганидан илҳомланди.

Ҳозир «Қўшни маҳалла» каналида президентнинг бугунги селектордаги аудиоёзуви чиқди. Унда президент снослар ҳақида гапирган. Ҳокимларни қаттиқ танқид қилган. Энг қизиғи шундаки, Хоразм, Фарғона вилоят ҳокимлари Эрманов ва Ғаниев, Қашқадарё вилояти ҳокими Рўзиевларни интернетда халққа мурожаат билан чиқишга чақирган. Халқдан узр сўрашни талаб қилган. Керак бўлса блогерларни тўплаб гапирсин деган.

Шу навбатда Бухоро ҳокими, қабристонларда бюджет ташкилотлари ходимларини мажбур ишлатаётган Барноев ҳам чиқиб қолса керак.


Президентнинг гапи гап. Поп-корн ва «Кола»ни олиб, юқоридаги ҳокимларнинг мурожаатларини, узрларини кутиб ўтирибман.
Нурбек Алимов


Президент Мирзиёев Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоят ҳокимларига интернетда охирги пайтлар рўй берган резонансли мавзулар бўйича блогерларга ҳисобот беришни тайинлади.

Яхши сигнал. Президент блогерларни ўқимоқда ва уларнинг сўзларига бефарқ эмас. Блогерлар алдоқчи, танқидчи ва ковловчи душман, ундоқ-бундоқ шахслар эмас. Улар жамоатчиликнинг фаол вакиллари. Нима ҳам дердик, Президент топшириғига биноан улардан ҳисобот кутамиз. Сўз сизга ўртоқ ҳокимлар. Саволларимиз кўп бўлади. Яхши тайёргарлик кўришни тавсия этамиз.

Нозим Сафаров


«Блогерлар ундоқ, блогерлар бундоқ» деб юрганлар — эрта-индин вилоят ҳокимлари блогерларга ҳисобот берадиган бўлиб турибди. Ақл бовар қилмайди. Қани, кузатайлик-чи...

Афтидан, Президент Бухородаги ишлардан, ўша ишлар бўйича комментлардан бехабар бўлган (олиб киришга улгуришмаган), йўқса Барноевни ҳам хиёнатда айблаб, унга ҳам блогерларга ҳисобот бериш ҳақида топшириқ берарди (ҳар ҳолда аудиода шу жойини эшитардик-да).

Муҳрим Аъзамхўжаев


Эсингиздами, йўқми, кўпчиликнинг, керакли одамларнинг эсида йўғакан шекилли, ўтган йили мажбурий меҳнатга амалда (қонунан-ку, умуман, бу – жиноят) чек қўйилган, Президент топшириғига биноан, Бош Вазир Абдулла Арипов барча ҳокимларни жиддий огоҳлантирганди.

Ҳокимлар бу огоҳлантиришни тантанали қабул қилиб, салкам қасамёд қабул қилиб юборишганди.

Жумладан, яқинда Риштонда минглаб «кўнгиллиларни» хашарга олиб чиққан Фарғона вилоят ҳокими бу иллатни уятга тенглаштирган, Бухорода ўқитувчи-ю врачларга қабристон тозалашларига йўл қўяётган ҳоким эса, «замон ўзгарганини, илгари пахтага опчиқилмагани учун одамлар ишдан хайдалган бўлса, ҳозир сиёсат ўзгариб, барча буни тушуниши лозимлигини» айтганди.

Бир йил ўтди, пошшо ҳам, афанди ҳам, эшак ҳам тирик, лекин негадир ваъдалар унутилган.

Маълум бўлишича, Президент ҳам сўнгги воқеалардан хабардор ва бугунги селектор мажлисида барча ҳокимлар қаттиқ «тузланган». Нархларнинг ошишидан тортиб, снослар масаласигача жиддий кўтарилган.

Бунинг акс садоси балки бизгача етиб келар, янгиликлар эшитишимиз мумкин. Мисол учун, Президент уч ҳокимга «интернетга чиқиб, бутун дунё олдида, блогерларларни ҳам чақириб, айбни бўйнига олиб, узр сўраш кераклигини» айтди. Ҳали, кореялик амалдорлар каби, халқдан кечирим сўраш анъанаси бошлансаям керак.

Лекин огоҳлантиришлар бу сафар неча ой ёдда сақланар экан, шуниси масала. Агар ҳокимлар халқни норози қилаётган бўлса, Президент айтганлари эътиборга олинмаса («сенлар менинг сиёсатимни бутун дунёга ёмон қилиб кўрсатяпсан», «сизларнинг қилган ишларинг – хиёнат»), ким учун ишлашяпти?

Қаҳрамон Асланов


Ўлиб-тирилиб, ярим кечгача ишлаб, тил осилиб уйга етиб келсам, уйдагилар «Президент сен ҳақингда гапирди» дейди. «Ия, ростданми, отимни айтдими?» деб хурсанд бўлиб кетсам, «Эее, йўқ, блогерларни гапирди, айнан сени эмас», деб попугимни пасайтириб қўйишди.
* * *
Мана, аудиони топдим («Қўшни маҳалла» ўзини ўзи форвард қилмаса топмас эканман, хихи). Бошқа каналлардаям чиқиб бўлибди, биринчи манба шу дейишди. Эшитиб кўрдим.

Очиғи, президент ундай деган, бундай деган деб, давлат раҳбарини орқа қилиб ўз позициямни ҳимоя қилишни ёқтирмайман. Мен авторитетлардан кўра кўпроқ соғлом мантиқий аргументлар кучига ишонаман. Лекин бу воқеа бошқа жиҳатдан диққатга сазовор: давлат раҳбари айнан блогерларни тилга олди. Яъни, улар ёзаётган постлар, улар кўтараётган мавзулар энг юқорига етиб боряпти. Жуда сиёсатни ўзгартириб юбормаса ҳам, маиший ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни гапириш фойда беради, сени эшитишади дегани бу. Блогер ва журналистлар ҳукуматдан норасмий сигналлар олиб турадиган бизнинг замонда бу мана шунақа муҳим сигнал: ҳокимларни танқид қилишинг мумкин, газини бос.

Ўзбек блогерлари шунчаки блогер эмас, опинион макер, инфлуэнcер, трендсеттер каби жарангдор номлар билан расман аталадиган пайтлар яқин шекилли.

Эльдар Асанов


Айрим журналистлар ва фаоллар тарафидан бу янгиликка ижобий муносабат билдирилди.

Ўзбекистонда блогерлар ижтимоий, маданий ва сиёсий танқидчилар сифатида майдонга чиқар экан, уларнинг роли тан олинаётгани ижобий ҳолдир. Мен айрим блогерларни колумнистларга, яъни онлайн ва босма матбуотдаги шарҳловчиларга ўхшатаман. Ўткир ва асосли фикр эгалари. Аргументлари билан одамларни ўзларига эргаштиргани боис фаолларга, баъзилари лидерларга айланади. Уларнинг ҳам журналистлар сингари ахборот олиш эркинликлари кафолатланиши муҳим. Қуйидаги қонун лойиҳаси билан танишар эканман, масъулият ҳам шунга яраша бўлиши керак, дейман. Табиий. Лекин бу лойиҳа айнан эркинлик хусусида. Бир назар ташлаб қўйинг. Бефарқ бўла олмаймиз. Айтганча, касбий этика ҳақида ҳам ўйлаш керак. Журналистлар ва блогерлар орасидаги энг катта фарқ – журналистга холис, бетараф бўлиш талаби қўйилади. Блогерлар эса айнан шахсий фикри ва муайян тарафда экани билан нуфуз қозонади. Фикр эса кучли заминга эга бўлмаса, фикр эмас. Блогернинг материали ҳам журналистники сингари асосли ва ҳаққоний бўлиши керак. Пировардида ҳамма нарса ахборотга бориб тақалади.
Навбаҳор Имомова, «Америка овози» мухбири


Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳамда айрим саҳифалар эндиликда блогерларнинг обрўси янада ошишини тахмин қилиб, шу мазмунда кўплаб ҳазиломуз фикр билдирди.



arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президентнинг блогерлар ҳақидаги гапига ижтимоий тармоқларнинг муносабати: «Блогерлар келдими? Суз ошни!»