“Дизайн” кулги жамоаси аъзоси Дилшод Мусабеков журналист Феруза Бонуга берган интервьюсида укасининг шартнома пулини тўлаш учун аравакашлик қилгани ва катта бизнесидан воз кечиб санъатни танлагани ҳақида сўзлаб берди.
— Укам шартнома асосида ўқишга кирганда, ота-онамга ёрдам бераман деб бозорда арава итарганман. Ундан кейин материал ва машина баллонлари сотиладиган дўконларда ҳам ишлаганман. Бир куни Мансур исмли қўшним билан бирга 150 сўм пул эвазига мардикорлик ҳам қилганман. Ўзгариш маҳалласига бориб, катта ҳовлини эскирган таъмирини шилиб, қайтадан оқлаганмиз. Уй эгаси 300 сўм пул берган, Мансур ака тенг ярмини берганди. У пайтда муштумзўрлар кўп эди, биттаси пулим борлигини билиб ярмини берасан деб туриб олган. Уришиб, унга бир сўм пулни ҳам бермай уйга олиб келганман. Ундан кейин машина мойини алмаштирадиган шохобчада ҳам ишлаганман, — дейди Дилшод Мусабеков.
Асли мутахассислиги бўйича созанда, бир неча йил давомида доира чалиш сирларини ўрганган. Қаттиққўл устозларидан дакки эшитган кунларини қуйидагича эслайди.
— Отам раҳматли “Эти сизники, суяги бизники” деб устозлар қўлига топширган. У пайтларда ёшларнинг тарбияси ҳам бошқача бўларди. Созанда бўлсак ҳам тартиб-қоидага жиддий эътибор беришарди. Ёқа кир бўлса, дарсга киритишмасди. Устознинг кўзига тик қарай олмасдик. Чалиб турган мусиқамизни “Қайта чал” деса ўзимизни йўқотиб қўярдик, — дейди Дилшод Мусабеков.
“Дизайн” жамоаси ташкил этилишидан аввал Дилшод Мусабеков тижорат билан шуғулланарди. Аммо у тушундики, санъат ва бизнесни бирдек юритолмайди. Шу боис у тайёр бизнесидан воз кечишга қарор қилган.
— “Қувноқлар ва зукколар” да чемпион бўлганимиздан кейин Қобил, Саъдулла ва Абдураҳмон билан ўтириб, нима қилиш ҳақида гаплашганмиз. Улар бир овоздан “Дизайн”ни ривожлантирамиз, дейишган. Иккисига улгуролмаслигимни билиб, тайёр бизнесимдан воз кечишимга тўғри келган. Қобил машиналарга нарх қўйиш, Саъдулла стилистлик, Абдураҳмон эса катта корхонада мастер бўлиб ишларди. Ҳаммамиз ишимиздан воз кечиб, “Дизайн”ни ривожлантиришга қарор қилганмиз.
Аммо орадан кўп вақт ўтмай катта қийинчиликларга учраганмиз. Пул йўқ, “Дизайн” концерт берсин, деб қайси даврага бормайлик турли баҳоналар билан эшикни кўрсатиб юборишарди. Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги коллеж ва лицей талабаларига концерт берамиз деб борганмиз. Айни совуқ кунлар эди. Биз турадиган уйда қипиқ ёқилар экан. 13 кун давомида ўша уйда туриб, эрталабгача музлаб кейин ижодий учрашувларга борардик.
Ниятимиз, жамоани реклама қилиш ва 1 500 сўмдан бўлса ҳам чипталарни сотиб йўлкира пулини чиқариш эди. Мен бор-йўғи 13 йил аввалги воқеалар ҳақида гапиряпман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Саъдулла билан Қобил шаҳарга кетганда Абдураҳмон билан роса йиғлаганмиз. “Нима қилиб қўйдик, тайёр ишдан воз кечиб, санъатни танладикми?”, деб афсуслангандик. 2018 йилга келиб “Дизайн” ўз ўрнини ва мухлисларини топди, — дейди Дилшод Мусабеков.