07:23 / 07.08.2024
58

Самарқандда 26—30 август кунлари “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади

Самарқандда 26—30 август кунлари “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади
ЮНЕСКО шафелигида 26—30 август кунлари Самарқандда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мусиқа фестивалида дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 300 дан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда.

26 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

27—28 август кунлари “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчи-докторант ва магистрантлар иштирок этиши кутилмоқда.

27—29 август кунлари “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалига ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, Халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари иккита йўналиш бўйича баҳоланади:
  • профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши;
  • замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналиши.

Танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан кам бўлмаган таркибда Халқаро ҳайъат тузилади. Танловда чиқиш учун таркиби 12 нафар мусиқачидан кўп бўлмаган чолғу ансамбли жонли тарзда жўр бўлишига рухсат этилади.

Танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
  • “Гран-при” — 10 000 доллар;
  • I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 5 000 — 10 000 доллар;
  • II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича ) 2 х 3 500 — 7 000 доллар;
  • III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 3 х 2 000 — 6 000 доллар.

Иштирокчилар, шунингдек, “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинациялар ва бошқа номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда 500 доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

30 август куни “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади ва унда ғолиблар эълон қилинади.

Шарқ тароналари, Самарқанд, мусиқа фестивали

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Самарқандда 26—30 август кунлари “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади