date

Нега кино ёвузлари қалбимизга яқин туйилади?

Нега кино ёвузлари қалбимизга яқин туйилади?
Ёвуз қаҳрамонларни нега яхши кўриб қоламиз?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нега Жокер каби жиноятчилар миллионлаб мухлисларга эга? Нега “Машаққатлар сари” сериалининг бош қаҳрамони — наркобарон Уолтер Уайтга ҳамдардлик билдирамиз? Ёки нега Дарт Вейдер каби бутун галактикани қўрқитган шахсни кино тарихи афсонаси сифатида қабул қиламиз?

Бу саволларга жавоб излаш учун инсон психологиясига назар ташлаш керак бўлади. Ахир, биз ёмонликка қарши бўлишимиз керак эмасми?

Ёвузликда ўзимизни қисман кўрамиз

Биринчидан, инсон ўзини баъзи жиҳатлари бўйича антагонист билан таққослаб кўради. Агар фильмдаги ёвуз қаҳрамоннинг характери, у ўтган синовлар ёки ички зиддиятлари томошабин учун яқин бўлса, у ҳолда ҳамдардлик табиий туғилади. Масалан, кимдир Уолтер Уайтнинг оила учун курашини тушунади, бошқалар эса Жокерда ўзининг ўзгача фикрлашини кўради.

Хаёлий дунёда хавфсиз “қоронғи томон”

Реал ҳаётда бизни ёмон инсонлар билан солиштириш асабимизга тегади. Лекин фильмлар ва сериаллар – бу фантазия олами. У ерда ички хавотирларимиз, яширин хоҳишларимиз “ҳуқуқий жазо”дан қутулиб, эркин ифода топади. Хаёлан бўлса-да, биз қасос оламиз, ҳокимиятни қўлга оламиз, ўзини кўрсатишдан чўчимайдиган қаҳрамонга айланамиз.

Жамоатда эмас, ёлғиз ҳолда кўрилганда таъсирлироқ

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кинони ёлғиз кўраётган инсонлар кўпроқ ёвуз қаҳрамонларга ёқимли муносабатда бўлади. Чунки у пайтда кимдир “бошқача фикринг” учун сени танқид қилмайди. Аммо жамоатда бундай қаҳрамонларга ҳавас билдириш салбий баҳоланиши мумкин.

Тақиқланган “ёқтириш” механизми

Психологлар “реактив қаршилик” деган тушунчани қўллашади. Агар жамият ёки тарбия бизга “бундайларни ёқтириш мумкин эмас” дейдиган бўлса, мия остида акс таъсир пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам ёмонликни ифода этувчи қаҳрамонни яхши кўриб қолишимиз мумкин.

Ёвуз қаҳрамоннинг инсоний жиҳатлари

Бир қаҳрамон фақат ёмонлик қилса, унга нисбатан салбий муносабат кучли бўлади. Аммо у ўз ёвузликларини оғир вазият ёки бошқа “бундан ҳам ёмон” кучларга қарши амалга ошираётган бўлса, у ҳолда биз уни тушунишга ҳаракат қиламиз. Уолтер Уайтнинг тарихини эслайлик: у аввалида яхши ниятлар билан ҳаракат қилган эди, тўғрими?

Қаҳрамонга муносабат ҳис-туйғуларга боғлиқ

Фильмдаги образни “аслида яхши одам, лекин муҳит уни шундай қилиб қўйган” деб қабул қилсак, ҳатто унинг энг даҳшатли ҳаракатларини ҳам кечириб юборишимиз мумкин. Томошабин сифатида биз баъзан ахлоқий мезонларни эмас, балки ҳис-туйғуларни танлаймиз.

Ёвуз қаҳрамонлар – инсон психологиясининг ойнаси

Улар нафақат биздаги яширин туйғуларни очиб беради, балки ижтимоий “норма”ларга қарши савол қўяди. Шунинг учун, уларни ёмонлаш ўрнига, нега бундай образлар қалбимизга яқин тушишини англашга ҳаракат қилайлик. Ахир, ҳар бир кино қаҳрамони ортида инсон табиатига оид сирлар яширингандир...
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Нега кино ёвузлари қалбимизга яқин туйилади?