01:10 / 31.05.2023
165

Осиё чемпионлари Европа вице-чемпионига қарши. Ўзбекистон Исроил тўсиғидан ўта оладими?

Фото: Getty Images

Бугун, cешанбадан чоршанбага ўтар кечаси соат 02:00да ўзбекистонлик футбол мухлисларининг нигоҳи яна Аргентинага қаратилади. ЖЧ-2023га Осиё чемпиони сифатида қатнашаётган Ўзбекистон ёшлар жамоаси 1/8 финалда Европа вице-чемпиони саналмиш Исроилга қарши саф тортади. Жаҳон чемпионатининг Индонезиядан Аргентинага кўчирилишига сабаб бўлган бу жамоа Осиёда ҳам 6 карра тенгсиз саналади.

ЖЧ-2023га ким қандай етиб келди?

Ўзбекистон U20 жамоаси март ойида мамлакатимизда ўтган Осиё кубоги U20 турнири чоракфиналида Австралияни пенальтилар сериясида мағлубиятга (1:1, 5:4) учратиб, ЖЧ-2023 йўлланмасини қўлга киритган. Яримфиналда Жанубий Корея ҳам пенальтилар сериясида (3:1) тўхтатилган бўлса, финалда Умарали Раҳмоналиевнинг Ироқ дарвозасига пенальтидан йўллаган голи Равшан Ҳайдаров жамоасига Осиё чемпионлигини келтирган.

Исроил U20 жамоаси эса турли сиёсий сабабларга кўра Осиёдан Европа футбол иттифоқига кўчиб ўтишидан аввал, 6 карра (1964, 1965, 1966, 1967, 1971, 1972 йиллар) Осиё чемпионига айланган. Шунга қарамай, Исроил ёшлар жамоаси ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатида қатнашмоқда. Яқин шарқликлар 2022 йилги Европа чемпионатида сенсацион тарзда финалгача етиб бориб, бош соврин учун курашда қўшимча бўлимларда Англия U20 жамоасига мағлуб (1:3) бўлди ва ЖЧ-2023га кўҳна қитъанинг вице-чемпиони сифатида иштирок этмоқда.

Қайд этиш жоиз, ЖЧ-2023 олдидан Исроил беихтиёр можарога сабаб бўлди. Турнирни қабул қилиши белгиланган Индонезияда Исроил U20 жамоасининг мамлакатга киритилишига қарши намойишлар бошланиб кетгач (Индонезия Исроилни давлат сифатида тан олмаган, Фаластинни тан олган), ФИФА апрель ойида ЖЧ-2023ни Аргентинага кўчиришга қарор қилганди.

Ўйин олдидан: ким қандай ҳолатда? 

Равшан Ҳайдаров шогирдлари кичик мундиалнинг 1-турида мезбон Аргентинага аламли тарзда мағлубиятга (1:2) учраган бўлса, 2-турда Янги Зеландияга қарши баҳсда сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб (2:2), гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Сўнгги турда Шаҳзодбек Неъматжоновнинг дубли эвазига Гватемала устидан ишончли ғалабага эришган вакилларимиз 2-ўрин билан 1/8 финалга йўлланма олишди. Аммо шу куни турнирдаги 2-сариқ карточкасини олган жамоамиз сардори Умарали Раҳмоналиев плей-офф ўйинида вакилларимизга ёрдам бера олмайди. Яна бир жиҳати ўтган уч ўйинини Сантьяго дель Эстеро шаҳрида ўтказган Ҳайдаров шогирдлари плей-офф баҳсини Мендоза шаҳрида ўтказишади.

Турнирдаги дебютини «C» гуруҳида Колумбияга қарши бошлаган Офир Ҳаим мураббийлигидаги жамоа сўнгги дақиқалардаги гол сабабли 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи ўйинда эса Исроил Сенегални ютолмади – 1:1. Учинчи турда эса Японияга қарши саф тортган яқин шарқликлар кунчиқар юрт вакилларидан устун келиб, Осиё вакилини турнирдан чиқариб юборди – 1:2. Бу эса уларга 2-ўрин билан 1/8 финал йўлланмасини келтирди.

Ўзбекистон U20нинг ЖЧ-2023даги ўйинлари:

1-тур. Аргентина – Ўзбекистон – 2:1

2-тур. Ўзбекистон – Янги Зеландия – 2:2

3-тур. Ўзбекистон – Гватемала – 2:0 

Исроил U20нинг ЖЧ-2023даги ўйинлари:

1-тур. Исроил – Колумбия – 1:2

2-тур. Исроил – Сенегал – 1:1

3-тур. Исроил – Япония – 2:1 

Таркиблар баҳоси: Исроил 10-ўринда, Ўзбекистон 15-поғонада

Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистон ёшлар жамоаси умумий таркиби баҳосига кўра, Исроил жамоасидан пастроқ ўринда. ЖЧ-2023даги иштирокини давом эттираётган 16 жамоа орасида Исроил умумий 3,26 миллион евро нарх билан 10-ўринда қайд этилган бўлса, Ўзбекистон 2,15 миллион евро нарх билан 15-ўриндан жой олган. 1/8 финалдаги жамоалар орасида Равшан Ҳайдаров шогирдлари трансфер баҳоси бўйича фақатгина Гамбиядан қимматроқ, қолган 14 жамоадан эса ортда. Қимматбаҳо ўйинчилари бўйича ҳам Исроил таркибидаги футболчилар нархи баландроқ. Жамоа асосини маҳаллий чемпионатда тўп сурадиган ўйинчилар ташкил этади.

Ўзбекистон U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Умарали Раҳмоналиев – 350 минг евро (ўйнамайди)

2. Аббосбек Файзуллаев – 300 минг евро

3. Абдуқодир Ҳусанов – 300 минг евро 

Исроил U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Став Лемкин – 500 минг евро

2. Эл Ям Кансепольски – 500 минг евро

3. Ор Исраэлов – 300 минг евро. 

ЖЧ-2023 U20. 1/8 финал
31 май (чоршанба)
Ўзбекистон U20 – Исроил U20
Мендоза, «Malvinas Argentinas» стадиони.
Ўйин бошланиш вақти: 02:00
ТВ-трансляция: UzReport TV. 

Усмон Ибодов


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпионлари Европа вице-чемпионига қарши. Ўзбекистон Исроил тўсиғидан ўта оладими?