Хитой футбол ассоциацияси (ХФА) миллий жамоа учун янги бош мураббий танлаш жараёнининг муҳим босқичига етиб келди. Аризалар қабул қилиниши якунланди ва етти нафар номзоддан сўнгги учта мураббий сараланди. Улар орасида Италия футболи афсонаси Фабио Каннаваро, маҳаллий мутахассис Чжэн Чжи ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Тимур Кападзе борлиги маълум қилинди.
Маълум бўлишича, ХФА ҳозирда айнан шу учликни жиддий кўриб чиқмоқда. Энг қизиғи, маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, асосий эътибор ва устувор номзод сифатида Тимур Кападзе қайд этилмоқда. Ташкилот унга нисбатан аллақачон расмий равишда қизиқиш билдирган ва дастлабки мулоқотлар ҳам ўтказилгани хабар қилинмоқда.
Кападзени саралаш босқичида алоҳида ажратиб турган жиҳатлар бир нечта омиллар билан боғлиқ:
– йиллик маошининг 3 миллион еврога етмаслиги;
– ёш бўлиши ва истиқболли мутахассис сифатида кўрилиши;
– Осиё ҳамда Европа футболи ҳақида етарли билим ва тажрибага эгалиги;
– халқаро мусобақаларда тўпланган мураббийлик салоҳияти.
Ажабланарлиси, Кападзе мазкур лавозим учун ўз аризасини топширмаган. Аксинча, Хитой футбол ассоциацияси бевосита унга мурожаат қилиб, номзодлар рўйхатига киритган. Бу эса ХФАнинг унинг номзодига бўлган жиддий қизиқишини яна бир бор тасдиқлайди.
Янги мураббий танлови Хитой терма жамоасининг кейинги тўрт йиллик стратегиясига ҳам таъсир кўрсатади. Бу фақат жаҳон чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик эмас, балки 2030 йилдаги йирик мундиалга йўл олиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Айни дамда Тимур Кападзе Ўзбекистон терма жамоасида фаолият олиб боряпти. Аммо унинг шартномаси яқин вақтда якунланиши кутилмоқда. Шу сабабли, у Хитойдан келган таклифни жиддий ўрганаётгани айтилаяпти. Агар музокаралар муваффақиятли кечса, Кападзе келаси ойдан бошлаб расман Хитой миллий жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлаши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!