Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Хитой терма жамоасига ўтиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Айрим манбалар эса ҳатто Кападзе Хитой футбол ассоциацияси билан аллақачон музокаралар олиб бораётганини ҳам даъво қилишди.
Бироқ мураббийнинг ўзи бу каби хабарларни рад этди. Айни пайтда Англияда бўлиб турган Кападзе championat.asia нашри билан суҳбатда вазиятга ойдинлик киритди.
"Сўнгги пайтларда мен ҳақимда жуда кўп нотўғри маълумотлар тарқалди. Баъзан интернет сайтларида ўқиб, ўзим ҳам ҳайратга тушаман. Бир нарсани аниқ айта оламан: мен Хитой билан ҳеч қандай музокара ўтказганим йўқ. На менга, на Ўзбекистон футбол ассоциациясига Хитой томонидан расмий таклиф келган. Шу сабабли тарқалаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди," — деди Кападзе.
Унинг таъкидлашича, у ҳозир ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи ҳисобланади ва ноябрь ойи охирига қадар амал қиладиган шартномаси бор. Шунингдек, у Англияда бўлиши сабабини ҳам очиқлади:
"Менинг бу ерга келганимнинг асосий мақсади — терма жамоа аъзоси Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинларини кўриш. Шунингдек, "Манчестер Сити" клуби академияси билан яқиндан танишиш ва уларнинг тажрибасини ўрганиш ниятидаман," — деди мураббий.
Шу билан, Кападзе ўзининг ишини тўлиқ Ўзбекистон терма жамоасига бағишлаётганини ва Хитой ҳақидаги миш-мишларга умуман асос йўқлигини алоҳида урғулаб ўтди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!