"Навбаҳор" клуби расман бош мураббий Сергей Лушчан билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди. Бу қарор жамоа раҳбарияти томонидан қабул қилинганини клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумот учун, Сергей Лушчан ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида "лочинлар"ни бошқариш вазифасига тайинланган эди. Унинг қўл остида жамоа Суперлигада 35 та учрашувда майдонга тушди. Бу баҳсларда 16 маротаба ғалаба қозонилиб, 9 бор дуранг қайд этилди ва 10 марта мағлубиятга учралди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги доирасида 8 та ўйин ўтказилиб, уларнинг 5 тасида зафар қозонилди. Бу ғалабалардан иккитаси пенальтилар серияси орқали эришилган. Қолган баҳслар бир дуранг ва икки мағлубият билан якунланган.
Аввалроқ матбуотда Сергей Лушчаннинг бош мураббийлик лавозимини тарк этгани ҳақида хабар тарқалган эди. Шунингдек, жамоани вақтинча "Навбаҳор" U-21 жамоаси устози Шерзод Жўраев бошқариб туриши маълум қилинган.
"Навбаҳор"нинг бу қароридан сўнг, жамоа олдидаги вазифаларни қай тарзда бажариши ва янги бош мураббий ким бўлиши ҳақида саволлар мухлислар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!