Ўзбекистон кубогининг яримфинал босқичи ҳақиқий драматик тўқнашувларга бой бўлди. Аввало, Бухородаги баҳсда маҳаллий “Бухоро” ўз майдонида “Сўғдиёна” устидан мураккаб ва ҳиссиётларга тўла ғалабага эришиб, тарихида илк бор финалга йўлланма олди.
Учрашувни жуда фаол бошлаган мезбонлар 16-дақиқада Доминик Бегичнинг голи орқали ҳисобни очди. 28-дақиқада эса Фране Икич томонидан урилган гол устунликни мустаҳкамлади. Биринчи бўлимда устунликни қўлга киритган “Бухоро” иккинчи таймда кутилмаган ҳолатга дуч келди.
72-дақиқада Жасур Жалолиддинов ҳисобни қисқартирган бўлса, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида – 90+1-да Филип Иванович бош билан аниқ зарба йўллаб, натижани тенглаштирди. Асосий вақт дуранг билан якунлангач, баҳс қўшимча таймларга ўтди. Қўшимча ўйинларнинг 117-дақиқасида Нодирбек Аҳмаджонов узоқ масофадан йўллаган кучли ва аниқ зарбаси билан “Бухоро”га тарихий ғалабани таъминлади. Бу гол нафақат учрашув тақдирини, балки клуб тарихини ҳам белгилаб берди.
Ўзбекистон кубоги. Яримфинал
«Бухоро» — «Сўғдиёна» 3:2
25 сентябр, Бухоро. «Бухоро ФА» стадиони
Голлар: Бегич (16), Икич (28), Аҳмаджонов (117) — Жалолиддинов (72), Иванович (90+1).
Бухоро — Боймуродов, Пўлатов, Қулматов, Хайруллаев (Жўраев, 77), Амонов, Рўзиев, Табатадзе (Тўплиев, 70, Йўлдошев (Томашевич, 77), Бегич (Жўрабеков, 56), Колакач, Икич.
Сўғдиёна — Митрович, Жўрабоев, Қобилов (Абдураҳмонов, 31) (Нурматов, 87)), Мустафоқулов, Иззатов (Жалолиддин, 31), Мавлонқулов (Хебай, 68), Иванович, Дориев, Қаҳрамонов, Сойибов (Эркинов, 87), Раҳмонов.
Шу тариқа, “Бухоро” илк бор Ўзбекистон кубоги финалида тўп суради ва ҳал қилувчи баҳсда унга пойтахтнинг машҳур клуби – “Пахтакор” рақиб бўлади.
Тошкентдаги иккинчи яримфиналда “Пахтакор” ва “Динамо” кескин кураш олиб борди. Бутун ўйин ва қўшимча дақиқаларда ҳисоб очилмагани учун ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. “Шерлар” 4:2 ҳисобида устун келиб, финал йўлланмасига эга чиқди.
Ўзбекистон кубоги. Яримфинал
«Пахтакор» — Динамо 0:0 (пен. 4:2)
25 сентябрь, Тошкент. «Жар» стадиони
Пахтакор — Назаров, Алижонов, Абдумажидов, Таҳсин (Ҳамралиев, 77), Саитов, Бўриев, Собирхўжаев, Ибрагимов, Турғунбоев (Ҳамдамов, 77), Ресан, Сергеев.
Динамо — Неманов, Ўрозов, Жумабоев, Кучуренко, Қодирқулов, Ратиньо, Плетниёв (Ўрмонжонов, 88), Фрайдей, Абдусаломов, Абдураҳмонов, Ҳожимирзаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи финал учрашуви 29 октябрь куни Андижондаги “Бобур Арена” стадионида бўлиб ўтади. Бу баҳсда “Бухоро” ўзининг орзули финалига чиқса, “Пахтакор” эса навбатдаги кубок учун майдонга тушади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!