Ўзбекистон Кубоги ярим финалида «Пахтакор» драматик тарзда «Динамо» устидан ғалаба қозонди ва финалга йўл олди. Учрашувдан кейин бош мураббий Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин, жамоа ҳолати ҳамда олдинда турган финал ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Бугун яхши жамоага қарши ўйнадик. Биринчи бўлимда бироз қийналдик, ўйинимиз чиқмади. Иккинчи таймда эса ўзимизга келдик, фаол ҳаракат қилдик ва вазиятлар яратдик. «Динамо» ҳам ўз имкониятларига эга бўлди, умумий ҳисобда тенг баҳс кечди. Бугун майдонда иккита кучли жамоа кураш олиб борди», – деди мураббий.
Унинг таъкидлашича, асосий вақтда ҳисоб очиш нияти бўлган, аммо иш пенальтиларгача бориб етди: «Ҳамма футболчини жисмоний ҳолатига қараб майдонга туширдик. Рақиб ҳам бекорга юқори ўринларда эмас. Албатта, асосий вақтда масалани ҳал қилмоқчи эдик, аммо омад биз томонда бўлиб, пенальтилар сериясида ғалаба қозондик».
Камолиддин Тожиев ҳужумдаги қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтди: «Сўнгги икки учрашувда гол ура олмаяпмиз, тўғри. «Шўртан»га қарши баҳсда рақиб 10 киши бўлиб ҳимояланди, буни ёриб ўтиш осон эмас эди. Бугун эса вазиятлар яратдик, аммо омад етишмади. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради».
Мураббий Кубокни ютиш зарурлигини қатъий таъкидлади: «Финалда фаворит йўқ. Биз совринни қўлга киритишимиз керак. ОЧЛ-2да иштирок этиш ҳам муҳим мақсадлардан бири, шунинг учун Кубок ғалабаси биз учун катта аҳамият касб этади».
Пенальтилар сериясига тайёргарлик бўйича саволга эса шундай жавоб берди: «Махсус тайёргарлик ўтказмадик, аммо дарвозабонлар рақибнинг пенальти зарбаларини олдиндан ўрганиб чиқишди. Натижада посбонимиз икки марта сейв қилди ва ғалабада катта ҳисса қўшди».
Шунингдек, у «Жар» стадионининг аҳволи ҳақида ҳам фикр билдирди: «Майдонга қарашаётганларга раҳмат. Стадион катта юклама оляпти, деярли дам олмаяпти. Шунинг учун футболчилар баъзи ҳолатларда сирпаниши мумкин. Лекин барибир майдон ёмон эмас, меҳнат қилаётган инсонлардан миннатдорман».
Охирида мураббий жамоада чарчоқ аломатлари борлигини тан олди: «Термадаги футболчилар ҳар 3-4 кунда майдонга тушмоқда, бу табиий равишда толиқишга олиб келади. Биринчи бўлимда бу сезилди, иккинчи бўлим ва қўшимча вақтларда эса ўз ўйинимизни топдик».
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!