Ўзбекистон Кубогининг ярим финал баҳслари катта қизиқиш билан ўтди ва футбол ишқибозларини ўз томонига жалб қила олди.
Дастлабки ярим финалда «Бухоро» клуби узоқ вақт давом этган муросасиз курашдан сўнг сўнгги дақиқаларда киритилган гол орқали «Сўғдиёна»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Бухороликлар ўз тарихида биринчи марта финалга йўлланма олишди ва шу орқали клуб учун муҳим саҳифа очилди.
Иккинчи ярим финал эса Тошкентда кечди. «Пахтакор» ва «Динамо» жамоалари ўзаро куч синашди. Асосий ва қўшимча вақт голсиз якунланди, ғолиб номи пенальтилар серияси орқали аниқланди. Унда «шерлар» 4:2 ҳисобида устун келиб, финалга йўл олди.
Ушбу беллашувлардан кейин футбол мутахассиси Камолиддин Мурзоев ўз фикрларини билдириб ўтди. «Биз ярим финалда тенгма-тенг курашлар гувоҳи бўлдик. Ҳар бир жамоа ярим финалга тасодифан чиқмаганини исботлади. «Бухоро»да жуда шиддатли ва драмага тўла ўйин кечди. Тошкентда эса «Динамо»нинг «Пахтакор»га муносиб қаршилик кўрсатганини алоҳида таъкидлаш керак. Финалда эса олдиндан қайси жамоа фаворит эканини аниқ айтиб бўлмайди. Бу баҳс мухлислар учун ҳақиқий байрам бўлади», — деди Мурзоев.
Ўзбекистон Кубоги финали том маънода мухлислар интиқлик билан кутган ўйинга айланди. «Бухоро» тарихий финал учун майдонга чиқса, «Пахтакор» анъанавий кучли рақиб сифатида ғалаба учун курашади. Бу учрашув нафақат совриндорни аниқлайди, балки ўзбек футболида ёрқин хотира сифатида қолиши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!