
Англиянинг энг нуфузли клубларидан бири — “Манчестер Сити” сафида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатидан сўнг машғулотларга қайтгани бутун дунё бўйлаб жамоа мухлисларини хурсанд этди, деб хабар берди manchestereveningnews.co.uk.
Бир ой давомида майдондан четда бўлган 21 ёшли легионернинг қайта сафга қўшилиши нафақат Ўзбекистондаги футбол ишқибозлари, балки Англия ва Европадаги “Сити” мухлислари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Чунки Ҳусановдан жамоа ҳимоясида катта умидлар боғланган.
Маълумки, ноябрь ва декабрь ойларида “Манчестер Сити”ни жиддий синовлар кутиб турибди. 9 ноябрь куни “шаҳарликлар” ўз майдонида мамлакат амалдаги чемпиони — “Ливерпуль”га қарши баҳс олиб боради. 10 декабрда эса Хосеп Гвардиола шогирдлари Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи доирасида “Сантьяго Бернабеу”да “Реал” билан тўқнаш келади.
Шундай муҳим учрашувлар олдидан Ҳусановнинг сафга қайтиши жамоа учун катта куч бўлиши аниқ. Унинг жисмоний тайёргарлиги ва ўйин тажрибаси ҳимоя чизиғини янада барқарорлаштириши кутилмоқда. “Сити” мухлислари ижтимоий тармоқларда Ҳусанов ҳақида турли изоҳлар қолдириб, унга бўлган ишонч ва соғинчини билдиришмоқда.
DëNq Må:
“Ҳусанов майдонда бўлганида ҳеч қандай хавотир қолмайди. Айниқса, ‘Ливерпуль’ ва ‘Реал’га қарши ўйинларда у ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.”
Suleman Abdullahi:
“Ҳусановни шоширманглар. У ‘Ливерпуль’ билан бўладиган баҳсгача тўлиқ тикланиб олсин. Ҳимояда унга тенг келадигани йўқ.”
Mas Bee Suthu:
“Ҳусановнинг қайтишини интизорлик билан кутяпмиз. У жамоа учун фаол руҳий етакчига айланган.”
Steven Thornhill:
“У майдонда ‘Жеки Чан’дек ҳаракат қилади — кучли, тезкор ва доим тайёр!”
Chongo Newton:
“Ҳусанов таркибга қайтса, ҳимоя яна мувозанатли бўлади. Энди эътиборни чап қанотни кучайтиришга қаратиш керак.”
Kingforward Ndhlovu:
“Фақат Ҳусановгина Муҳаммад Салоҳ, Флориан Вирц ёки Александр Исаакни тўхтата олади. У ечим, у калит фигура.”
Шу каби изоҳлар жамоа атрофидаги муҳитни янада ижобий тусга олиб келди. Мухлислар Ҳусановнинг жароҳатидан кейин ҳам юқори даражадаги ўйинини сақлаб қолишига ишонаётганини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов ўтган мавсумда “Реал” ва “Ливерпуль”га қарши учрашувларда ажойиб ўйин намойиш этиб, Англия ОАВ ва мутахассисларининг эътирофига сазовор бўлган эди. Унинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари ва аниқ паслари “Сити” тизимида муҳим бўғинга айланган.
Ҳозирда у жамоавий машғулотларга тўлиқ қўшилиб, тикланиш жараёнини якунлаш арафасида. Гвардиола штабининг маълумотларига кўра, Ҳусанов ноябрь ойи ўрталарида расмий ўйинларга қайтиши мумкин.
Шу тариқа, “Манчестер Сити” мухлислари яқин ҳафталарда ўз севимли ҳимоячисини яна майдонда кўриш умидида. Ҳусановнинг қайта сафга қўшилиши нафақат жамоа ҳимоясини мустаҳкамлайди, балки клуб мухлислари учун катта мотивация манбаига айланиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!