Ўзбек дзюдочилари жаҳон рейтингида юқори поғоналарга кўтарилди

Халқаро дзюдо федерацияси "OTP Group Tashkent Grand Slam 2026" мусобақаси якунлари бўйича спортчиларнинг янгиланган жаҳон рейтингини эълон қилди. Пойтахтимизда ўтган нуфузли турнирда муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочилар ўз кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилаб олишди.
Айниқса, фаолиятида илк бор "Катта Дубулға" турнири чемпионлигини қўлга киритган Шукуржон Аминова катта сакрашни амалга оширди. У 1000 рейтинг очкосини қўлга киритиб, 15 ўриндан 8 ўринга кўтарилди. Шунингдек, Шаҳрам Аҳадов, Алишер Юсупов, Умар Бозоров, Муроджон Йўлдошев, Эрназар Сарсенбаев, Музаффарбек Тўрабоев, Лазиза Ҳайдарова, Улбусин Ҳакимова, Сўғдиёна Рафкатова, Умида Нигматова ҳамда Фотима Курамбоевалар ўз вазн тоифаларида юқорилаб, кучли дзюдочилар сафида ўз ўринларини мустаҳкамладилар.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, спортчиларимизнинг ушбу муваффақияти келгуси халқаро мусобақаларда янада юқори натижаларни қайд этишлари учун муҳим замин яратади. Ҳозирда дзюдочиларимиз навбатдаги нуфузли турнирларга тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқдалар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!