Иля Малинин жаҳон чемпионатида учинчи бор олтин медални қўлга киритди

Фигурали учиш бўйича ёш ва иқтидорли спортчи Иля Малинин яна бир бор ўз маҳоратини намоён этиб, жаҳон чемпионатида учинчи марта олтин медалга сазовор бўлди. Бу муваффақият унинг қишки Олимпия ўйинларидаги омадсиз иштирокидан атиги бир ой ўтиб қўлга киритилгани билан янада аҳамиятлидир.
Чехия пойтахти Прагада бўлиб ўтган нуфузли мусобақа давомида Малинин барча рақибларини ортда қолдириб, тўлиқ устунлик билан етакчилик қилди. У якуний натижаларга кўра япониялик асосий рақиби Юму Кагиямани 22,73 балл фарқ билан ортда қолдирди. Бронза медали эса Япониянинг яна бир вакили Шун Сато ҳисобига ёзилди.
Ғалабадан кейин ҳис-ҳаяжонларини яшира олмаган Малинин: «Бўлди, иш битди. Ростини айтсам, ихтиёрий дастурни идеал бажара олмайман, деб ўйлаган эдим, аммо ҳаммаси кутганимдан ҳам яхши чиқди», — дея фикр билдирди. Иккита дастур натижаларига кўра у жами 329,40 балл тўплашга муваффақ бўлди.
Албатта, бу кўрсаткич унинг декабрь ойида Гран-при финалида қайд этган рекорди — 238,24 баллли ихтиёрий дастур натижасига ета олмади. Ўша мусобақада у еттита тўртталик сакраш, жумладан машҳур тўртта акселни амалга оширган эди. Бу сафар эса бешта тўртталик сакраш ҳам чемпионлик учун етарли бўлди.
Қизиғи шундаки, шу йил февраль ойида Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтган Олимпиадада Малинин сенсацион тарзда медалсиз қолган эди. Қисқа дастурдан кейин етакчилик қилган спортчи ихтиёрий дастурда икки марта йиқилиб тушиб, якунда 8-ўрин билан чекланди. Ўша мусобақада олтин медални Қозоғистон вакили Михаил Шайдоров қўлга киритган эди.
Иля Малинин 2004 йилда АҚШнинг Виржиния штатида, ўзбекистонлик машҳур фигурали учувчилар — Татяна Малинина ва Роман Скорняков оиласида таваллуд топган. Унинг синглиси Елизавета ҳам ушбу спорт тури билан шуғулланади.
Таъкидлаш жоиз, Татяна Малинина 1999 йилда илк бор ўтказилган тўрт қитъа чемпионати ғолиби, ўша йилги Гран-при финали чемпиони ва 10 карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Роман Скорняков эса икки карра мамлакат чемпиони бўлиб, икки Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.
Қисқаси, Малинин ўз мағлубиятларидан тўғри хулоса чиқара олди ва қисқа вақт ичида яна дунё чўққисига қайтди. Бу эса ҳақиқий чемпионлар қандай бўлишини яна бир бор исботлаб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!