Илья Малинин фигуристлар ўртасида қисқа дастур бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Ота-онаси халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан иштирок этган америкалик фигурист Илья Малинин қисқа дастур бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди. У Токиода ўтказилган Гран-при босқичида 114,81 балл тўплаб, аввалги натижадан юқорироқ кўрсаткич қайд этди. Бу ҳақда Халқаро конькичилар иттифоқи (ISU) расмий сайтида маълум қилинди.
Малинин 27 ноябрь куни Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтган NHK Trophy мусобақасида қисқа дастурни намойиш этди. Унинг чиқиши ҳакамлар томонидан 114,81 балл билан баҳоланди. Бу қисқа дастур бўйича аввалги энг юқори натижадан 0,84 баллга кўп.
Бунгача жаҳон рекорди америкалик Натан Ченга тегишли эди. У 2022 йилда Пекинда ўтказилган Қишки Олимпия ўйинларида қисқа дастур учун 113,97 балл тўплаган.
Маълумот учун, Илья Малининнинг ота-онаси — Татьяна Малинина ва Роман Скорняков ҳам профессионал фигурист бўлган. Улар 1998 ва 2002 йиллардаги Қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган. Ҳозирда эса ўғлининг мураббийлари сифатида фаолият юритади.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
































Изоҳлар0
…