“Ал-Наср” Роналду етакчилигида “Ал-Васл”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

“Ал-Наср” клуби Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг чоракфинал босқичида “Ал-Васл”ни сафарда 0:4 ҳисобида мағлуб этди. Криштиану Роналду учрашувда ҳисобни очди ва бу унинг фаолиятидаги 969-голи бўлди. “Ал-Наср”нинг бошқа голларини Инйиго Мартинес, Абдулила Ал-Амри ва Садио Мане киритди. Ушбу ғалаба саудияликларга яримфинал йўлланмасини қўлга киритиш учун катта устунлик берди.
Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг чоракфинал дастлабки учрашувида “Ал-Васл” ўз майдонида “Ан-Наср”ни қабул қилиб, йирик 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу баҳс саудияликлар устунлиги остида ўтди ва меҳмонлар яримфинал йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқинлашди.
Учрашувнинг 11-дақиқасида Криштиану Роналду Наваф Ал-Бушайлнинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. 24-дақиқада Инйиго Мартинес Жоау Фелишнинг ассисти орқали устунликни икки бараварга оширди. Фақат икки дақиқа ўтиб, 26-дақиқада Абдулила Ал-Амри яна бир гол киритди, бу сафар ҳам голли пас Фелиш томонидан берилди.
Ўйиннинг иккинчи қисмида ҳам “Ан-Наср” назоратни қўлдан чиқармади. 80-дақиқада Садио Мане ҳисобни 0:4 кўринишига етказиб, жамоасининг ишончли ғалабасини мустаҳкамлади.
Шу натижа орқали “Ан-Наср” яримфиналга йўл олиш учун катта устунликка эга бўлди. Криштиану Роналду эса ўз фаолиятидаги 969-голини урди ва яна бир тарихий кўрсаткични қайд этди.
ОЧЛ-2. Чоракфинал (1-учрашув)
“Ал-Васл” – “Ан-Наср” 0:4
Голлар: Роналду (11), Мартинес (24), Ал-Амри (26), Мане (80)
“Ал-Васл”: Али, Уго, Варета, Адриелсон, Малейру, Сидибе, Ганаэр, Сержиньо, Паласиос, Хименес, Борха.
“Ан-Наср”: Бенто, Симакан, Ал-Амри, Ал-Бушайл, Мартинес, Мане, Брозович, Габриэл, Коман, Фелиш, Роналду.






























Изоҳлар 0
…