2:0 ҳисобидаги устунлик нега йўқотилди? Собиқ футболчи мағлубият сабабларини очиқлади

5 дақиқа ўқиш4
2:0 ҳисобидаги устунлик нега йўқотилди? Собиқ футболчи мағлубият сабабларини очиқлади

Ўзбекистон миллий жамоаси Россияга қарши ўртоқлик учрашувида 2:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлса-да, якунда 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Атиги ўн дақиқа ичида ўтказиб юборилган учта гол мухлисларни ҳайратда қолдирди. Энг муҳими, биринчи таймда тартибли ва ишончли ҳаракат қилган жамоа танаффусдан кейин нима сабабдан бундай ўзгариб кетди?

Миллий жамоамизнинг собиқ футболчиси, бугунги кунда болалар футболида мураббий сифатида фаолият юритаётган Шаҳбоз Эркинов Россияга қарши учрашув ҳақида ўз фикрларини билдирди. У мағлубият сабаблари, Фабио Каннаваронинг заҳира алмаштиришлари, Абдуқодир Ҳусановнинг йўқлиги ва терма жамоамиздаги ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталди.

Биринчи таймдаги Ўзбекистон ва иккинчи таймдаги Ўзбекистон — икки хил жамоа

Эркиновнинг фикрича, учрашувнинг биринчи ва иккинчи бўлимларида миллий жамоамиз мутлақо бошқача футбол намойиш этди.

Унинг таъкидлашича, биринчи таймда футболчилар зич жойлашув асосида тартибли ҳаракат қилди. Жамоавий прессинг яхши ишлади, ҳужумларда ҳам фаоллик сезилди. Аммо танаффусдан кейин вазият кескин ўзгарди.

«Икки хил таассурот қолдирди. Биринчи тайм умуман бошқа жамоа, иккинчи таймда умуман бошқа жамоа. Биринчи бўлимда анча зич жойлашув асосида тартибли ўйин кўрсатаётгандик. Танаффусдан кейин эса индивидуал хатолар жуда кўпайиб кетди», — деди мутахассис.

Эркиновнинг фикрича, 2:0 ҳисобидаги устунлик ҳам футболчиларнинг бироз бўшашишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ у мағлубиятни фақат шу омил билан изоҳламади.

У Россия терма жамоасининг иккинчи бўлимдаги ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этди. Рақиб танаффусдан кейин ўйин суръатини оширди, узун паслар орқали ҳимоя ортидаги бўш ҳудудлардан самарали фойдалана бошлади.

Каннаваронинг заҳира алмаштиришлари ўзини оқладими?

Учрашувдан кейин мухлислар ва футбол мутахассислари орасида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — Фабио Каннаваронинг заҳирадан майдонга туширган футболчилари бўлди.

Чунки айнан иккинчи бўлимдаги ўзгаришлардан кейин миллий жамоамиз аввалги ўйин суръатини йўқотди ва рақиб босимига дош бера олмади.

Шаҳбоз Эркинов ҳам заҳирадан майдонга тушган футболчилар кутилган даражада ўйинга қўшила олмаганини тан олди. Бироқ у бу ҳолатни мураббийнинг хатоси сифатида бир томонлама баҳолаш тўғри эмаслигини таъкидлади.

«Ўйинга киришиб кета олишмади, бу аниқ. Иккинчи таймда тушган футболчилар ўйинни бузиб юборишди, дея олмайман. Лекин Каннаваро ҳам уларни текшириши керак-ку! Қаерда кўради? Шунақа учрашувларда янги ўйинчиларни кўриб олмаса, қаерда, ким билан кўради?», — деди у.

Мутахассиснинг фикрича, заҳирадан тушган футболчилар биринчи бўлимдаги ўйин ритмини ҳеч бўлмаганда сақлаб қолишлари керак эди. Аммо улар бу вазифани уддалай олмади.

Шу билан бирга, Россия терма жамоаси заҳирадан майдонга туширган футболчилар орқали ўйинни янада кучайтирди. Бу эса икки жамоа ўртасидаги фарқни янада яққол кўрсатди.

Эркинов қайси футболчиларнинг ўйинини алоҳида эътироф этди?

Собиқ футболчидан миллий жамоамиз сафида кимлар унда энг яхши таассурот қолдиргани ҳақида ҳам сўралди.

Эркинов Жаҳонгир Ўрозовнинг ҳаракатларини ижобий баҳолади. Шунингдек, Элдор Шомуродовни ўз даражасида ўйнаган футболчи сифатида эътироф этди.

Достон Ҳамдамов ҳам мутахассисга маъқул келган. Дарвозабон Назаров эса бир вазиятда ҳимоячи билан ўзаро тушунмовчиликка йўл қўйган бўлса-да, бир неча хавфли зарбаларни қайтарган.

«Жаҳонгир Ўрозов ёмон ўйнамади. Элдор ҳар доимгидек ўзининг даражасида. Қойил. Достон Ҳамдамов ҳам ёқди. Назаров тўпга югуриб чиққанда ҳимоячи билан тушунмовчилик бўлди. Ўша вазиятни ҳисобга олмаганда, дарвозабон ҳам 2–3 та вазиятда яхши қутқарди. Оёғи билан бутун ҳужумларни яхши бошлади», — деди Эркинов.

Унинг фикрича, дарвозабоннинг оёқ билан тўпни ўйинга киритишдаги ҳаракатлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

«Абдуқодир Ҳусанов бўлганида бундай вазиятлар юз бермасди»

Россияга қарши учрашувда Абдуқодир Ҳусановнинг майдонда бўлмагани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, рақиб ҳужумчилари ҳимоячилар билан бирга-бир вазиятларга тез-тез чиқиб бора олгани эътиборни тортди.

Шаҳбоз Эркиновнинг фикрича, Ҳусановнинг йўқлиги миллий жамоамиз ҳимоясига жуда катта таъсир кўрсатган.

«Абдуқодирнинг йўқлиги жуда катта таъсир қилди. Абдуқодир бўлганида бирга-бир чиқиб кетишлар бўлмасди. Чунки унинг тезлиги бор, масофа танлашни ҳам билади. Ҳусанов бўлганида бунчалик осон бирга-бир чиқиб кета олишмасди», — деди собиқ футболчи.

Дарҳақиқат, замонавий футболда ҳимоячининг тезлиги, рақиб ҳужумчисини ўз вақтида тўхтатиши ва ҳимоя ортидаги ҳудудни назорат қилиши жуда муҳим. Эркиновнинг фикрича, Ҳусанов айнан шу жиҳатлари билан терма жамоамиз учун катта аҳамиятга эга.

Каннаваронинг «имзоси» кўриняптими?

Учрашувдаги мағлубиятга қарамай, Эркинов миллий жамоамиз ўйинида бош мураббий Фабио Каннаваронинг иш услуби сезилаётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, футболчилар ҳужумкор ва тажовузкорроқ ўйнашга, ҳимояда зич жойлашган ҳолда ҳужумларни бошлашга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ мутахассис Каннаваронинг энг муҳим хизматларидан бири сифатида ёш футболчиларга имконият берилаётганини кўрсатди.

«Фабионинг бир жиҳати фойда беряптики, у ёш-ёш, ҳали очилмаган футболчиларни ҳам чақириб, қўрқмасдан текширяпти. Балки маҳаллий мураббийлар бу нарсани қилишга қўрқишарди. Каннаваро эса таркибни ёшартиришга, ротация қилишга қўрқмасдан қўл уряпти. Шуни аниқ айта оламанки, у бу нарсани эплаяпти», — деди Эркинов.

Демак, собиқ футболчи натижадан ташқари, терма жамоада янги футболчиларни синовдан ўтказиш ва таркибни янгилаш жараёнини ҳам ижобий баҳоламоқда.

«Россиядан ҳеч нарсада қолишмаймиз»: мағлубиятдан кейинги муҳим хулоса

Шаҳбоз Эркинов Россияга қарши ўйиндан олинган энг муҳим сабоқ сифатида учрашув охиригача курашиш зарурлигини кўрсатди.

Унинг фикрича, 2:0 ҳисобида олдинда бориш ҳали ғалаба кафолати эмас. Ўртоқлик учрашувида ҳам охирги дақиқагача бор куч билан ҳаракат қилиш кераклигини россиялик футболчилар амалда кўрсатиб беришди.

Шу билан бирга, собиқ футболчи бу мағлубиятни Ўзбекистон футболи Россиядан ортда эканининг далили деб ҳисобламайди.

«Шахсий фикрим, бугунги кунда биз Россия футболи билан даража борасида тенглашиб олдик, деб ўйлайман. Айнан миллий жамоа мисолида улардан ҳеч нарсада қолишмаймиз. Сабаби, бизда ҳам футбол кўтарилди», — деди Эркинов.

Унинг фикрича, Россия терма жамоаси ва ички чемпионатига сўнгги йилларда халқаро мусобақалардан четлатилгани ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу эса футболчиларнинг ўсиши ва рақобат муҳитига салбий таъсир қилиши мумкин.

Мағлубиятдан қандай сабоқ чиқариш керак?

Россияга қарши учрашув миллий жамоамиз учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Биринчи таймда кўрсатилган тартибли футбол, жамоавий прессинг ва ҳужумдаги фаоллик жамоамизда муайян ўсиш борлигини кўрсатди. Аммо иккинчи бўлимдаги кескин пасайиш ҳали ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам етарли эканини намоён қилди.

Айниқса, захирадан майдонга тушган футболчиларнинг ўйин суръатини сақлаб қолиши, ҳимоядаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳисобда олдинда бораётганда ҳам диққатни йўқотмаслик муҳим.

Эҳтимол, ушбу учрашувнинг энг катта сабоғи ҳам шу бўлди: кучли жамоа фақат яхши бошланғич таркибдан иборат эмас. У майдонга ким тушишидан қатъи назар, бир хил ўйин интизомини сақлай олиши керак.

Ўзбекистон терма жамоаси 2:0 ҳисобидаги устунликни бой берди. Аммо бу мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарилса, у келгуси ўйинлар учун муҳим тажрибага айланиши мумкин.

Сизнингча, Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоамиз келажакдаги расмий ўйинларда бу каби хатоларни такрорламаслик учун нималарни ўзгартириши керак? Ўз фикрингизни изоҳларда қолдиринг!

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?