01:07 / 01.07.2018
3 959

ЖЧ-2018 1/8 финал. Уругвай Каванининг дубли эвазига Португалияни мағлуб этди

ЖЧ-2018 1/8 финал. Уругвай Каванининг дубли эвазига Португалияни мағлуб этди
ЖЧ-2018 мусобақаси 1/8 финалидан ўрин олган Уругвай ҳамда Португалия терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. “Фишт” стадионида бўлиб ўтган баҳсда уругвайликларнинг қўли баланд келди.

Учрашув икки томоннинг хавфли ҳужумлари билан бошланди, бироқ биринчи бўлиб гол уриш уругвайликларга насиб этди. 7-дақиқада Эдинсон Каванининг диоганал узатмасидан сўнг Луис Суарес чап қанотдан ҳужумга ўтди ва тўпни жарима майдонига узатди, у ерда пайдо бўлган Кавани боши билан дарвозани аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлим дебюти Европа вакилларига омадли келди. 55-дақиқада бурчакдан узатилган тўпни Пепе боши билан дарвозага йўналтирди ва мувозанатни тиклашга эришди.

62-дақиқада Пепенинг ҳимояда йўл қўйган хатоси қимматга тушди, Кавани жарима майдони ташқарисидан зарба бериб, тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига жойлаб қўйди ва ўйиндаги дублини нишонлади.

Қолган вақт давомида Португалия бир қатор хавфли ҳужумларни ташкил қилишга эришди, бироқ португаллар гол ура олмадилар.

Шу тариқа, Уругвай турнирдаги кетма-кет тўртинчи ғалабасини қўлга киритган ҳолда 1/8 финалга йўл олди. Португалия эса ўз юришини ушбу босқичда тўхтатди.

ЖЧ-2018
1/8 финал

Уругвай – Португалия 2:1 (1:0, 1:1)

Голлар:
1:0 – 7 Кавани, 1:1 – 55 Пепе, 2:1 – 62 Кавани.

Уругвай – Муслера, Годин, Хименес, Касерес, Нандес (Санчес, 81), Лаксальт, Бентанкур (Родригес, 63), Торрейра, Весино, Кавани (Стуани, 74), Суарес.

Португалия – Руй Патрисиу, Пепе, Геррейру, Рикарду Перейра, Фонте, Адриен Силва (Куарежма, 65), Вильям Карвалью, Гонсалу Гедеш (Андре Силва, 74), Бернарду Силва, Жоау Мариу (Фернандеш, 85), Роналду.

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2018 1/8 финал. Уругвай Каванининг дубли эвазига Португалияни мағлуб этди