Россияда ChatGPT, Grok ва DeepSeek хизматлари тақиқланмайди

Россияда хорижий нейротармоқлардан фойдаланишни чеклаш режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида бош вазир ўринбосари ва ҳукумат аппарати раҳбари Дмитрий Григоренко маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллектни давлат томонидан тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси хорижий сунъий интеллект хизматларидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай тақиқ ёки чекловларни ўз ичига олмайди. Ҳужжатнинг асосий вазифаси маҳаллий технологиялар ривожланишини рағбатлантириш ва Россия ишланмаларига бўлган талабни оширишдан иборат.
«Сунъий интеллект масаласига келсак, биз умуман тақиқларни, жумладан, хорижий нейротармоқларни блоклашни кўриб чиқмаяпмиз. Ҳозир тайёрлаётган тартибга солиш чораларимиздан мақсад — маҳаллий ечимларни ишлаб чиқиш ва уларга бўлган талабни рағбатлантиришдир. Қонун лойиҳасида тақиқловчи қоидалар мавжуд эмас», — дея таъкидлади Григоренко.
Шу билан бирга, ҳукумат вакили давлат тузилмалари ва ўта муҳим инфратузилма объектларида асосан Россияда ишлаб чиқилган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилиши лозимлигини қайд этиб ўтди.





























Изоҳлар 0
…