Океан тубида янги ер қатлами пайдо бўлиши илк бор жонли эфирда кузатилди

Халқаро геофизиклар гуруҳи фан тарихида илк бор океан қобиғининг ёрилиши ва бу бўшлиқнинг янги магма билан тўлиш жараёнини бевосита қайд этишга муваффақ бўлди. Жануби-Шарқий Ҳинд тизмасида ўтказилган ушбу тадқиқот натижасида денгиз тубининг 2 метрдан ортиқ масофага сурилгани аниқланди. Бу ҳодиса сайёрамизнинг геологик шаклланиш жараёнларини тушунишда инқилобий қадам ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Кашфиёт 2024-йилнинг феврал ойида Австралия ва Антарктида тектоник плиталарини ажратиб турувчи сув ости тоғ тизмасига уюштирилган экспедиция давомида амалга оширилди. Айнан шундай ҳудудларда плиталар бир-биридан узоқлашади, мантиядан кўтарилган магма эса қотиб, янги океан қобиғини ҳосил қилади. Гарчи бу механизм назарий жиҳатдан ўн йиллардан бери маълум бўлса-да, шу вақтга қадар уни реал вақт режимида кузатишнинг имкони бўлмаган эди.
Технологик ютуқ ва ўлчов натижалари
Олимлар тизманинг 100 километрлик қисми бўйлаб махсус ускуналар тармоғини жойлаштирдилар. Натуре журналида эълон қилинган маълумотларга кўра, тадқиқотда қуйидаги воситалардан фойдаланилган:- Сув ости товушлари ва сейсмик тўлқинларни қайд этувчи 5 та гидрофон;
- Ҳар 4 соатда ўзаро сигнал алмашувчи 15 та автоном акустик маёқлар;
- Денгиз тубининг чуқурлигини ўлчовчи юқори аниқликдаги датчиклар.
Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, бир неча кун ичида плиталар орасидаги ёриққа тахминан 160 миллион метр куб лава кўтарилиб чиққан. Мутахассисларнинг фикрича, магма кўп йиллар давомида тўпланиб турган ер ости резервуаридан чиққан. Резервуар бўшагач, океан тубининг айрим қисмлари чўка бошлаган, бу эса жараённинг кўламини янада кенгайтирган.
Кутилганидан анча кучлироқ жараён
Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (КНRS) денгиз геофизиги Жеан-Йвес Роернинг таъкидлашича, натижалар кутилганидан анча салмоқли бўлиб чиқди. Дастлаб олимлар вертикал силжиш бир неча сантиметр бўлишини тахмин қилишган эди, бироқ амалда ўзгаришлар 4,2 метргача етди. Бу эса океан тубидаги динамиканинг биз ўйлагандан кўра фаолроқ эканини англатади.Ушбу ҳодиса давомида Австралия тектоник плитасининг ҳаракати натижасида сўнгги 30–60 йил давомида тўпланиб қолган кучли кучланиш энергияси бир лаҳзада бўшаб чиққан. Бундай жараёнлар доимий равишда янги океан тубини шакллантириб турса-да, океан ўртасидаги тизмаларнинг бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашгани сабабли уларни ўрганиш жуда мушкул эди.
Мазкур илмий муваффақият геологларга Ер юзасининг шаклланиши ва тектоник фаолликни башорат қилишда янги маълумотлар тақдим этади. Эндиликда олимлар океан қобиғининг янгиланиши қандай энергия ва тезликда содир бўлишини аниқ рақамлар орқали исботлай оладилар.






























Изоҳлар 0
…