Икки опа-сингил ижара уйидаги суратда ўзларини кўриб қолишди

АҚШнинг Юта штатида яшовчи икки опа-сингил — Либби Биррелл ва Обри Биррелл ижтимоий тармоқларда кутилмаган воқеа туфайли машҳурликка эришди. Улар Airbnb орқали ижарага олган уй деворида осиғлиқ турган суратда ўз оиласи аъзоларини кўриб қолди. Аввалига бу ҳолат уларни чуқур ҳайратга солган бўлса, кейинчалик унинг ортидаги сир ҳам маълум бўлди.
Fox News Digital'га берган интервьюсида опа-сингиллар мазкур воқеани илк бор кўрганида анча қўрқиб кетганини тан олди. Улар июль ойи бошида бобосининг 80 ёшлигини нишонлаш учун қарийб 30 нафар қариндоши билан Калифорниянинг Сан-Диего шаҳри яқинидаги Оушенсайд ҳудудида жойлашган ижара уйига келган.
Девордаги рамкага жойланган соҳил суратини кўриши билан улар ундаги инсонлар ўз оиласи эканини пайқаган.
«Суратни кўришимиз билан ҳаммани чақирдик. Барча ҳайратда қолди. Дўстларимга видеоқўнғироқ қилдим, чунки улар ҳам оиламизни яхши танийди. Улар ҳам ишона олмади», — деди Обри Биррелл.
Унинг айтишича, биринчи кечаси бу ҳолат сабаб ўзларини анча ноқулай ҳис қилишган.
«Ростини айтсам, бироз қўрқиб кетдик. “Наҳотки улар бизнинг келишимизни олдиндан билган бўлса?” деган хаёл ҳам ўтди. Бу жуда ғалати ва сирли туюлди», — дейди у.
Кейинчалик оила аъзолари уй эгасидан сурат ҳақида сўрашган. Маълум бўлишича, уй интерьерини безаган фотограф Сан-Диего соҳилларида дрон орқали олинган манзараларни санъат асари сифатида катталаштириб, дам олиш уйларига жойлаштириб келар экан.

Тарқалиб кетган суратда Обрининг отаси ҳам суратга диққат билан қараб: «Бу менга ўхшаяпти», дейди. Аввалига қизлар бу гапга ишонмайди. Бироқ кейинчалик суратда ҳақиқатдан ҳам отаси, Либби ва акаси Брэйдининг тахминан ўн йил аввалги тасвири акс этганини англашади.
«Бизда ҳали ҳам ўша чўмилиш кийимлари бор. Бу расмда ҳақиқатан ҳам биз тасвирланганмиз», — дейди Либби.
Опа-сингилларнинг фикрича, мазкур сурат тахминан ўн йил аввал Мишн-Бич ёки Империал-Бич соҳилида туширилган. Ўша вақтда улар акаларининг футбол мусобақаси муносабати билан оилавий саёҳатда бўлган.
Бироқ воқеанинг барча сирлари тўлиқ очилмаган. Тарқалиб кетган сурат остида айрим фойдаланувчилар худди шу соҳил суратини бошқа Airbnb уйлари ва ҳатто Флоридадаги айрим хонадонларда ҳам кўрганини ёзган. Бу маълумотлар тасдиқланмаган бўлса-да, кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ҳам турлича кечди. Айримлар бу воқеани қўрқинчли фильм бошланишига ўхшатган бўлса, бошқалар ўзлари ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганини айтиб ўтди. Кимдир дўкондаги фоторамкадан, яна кимдир бошқа штатдаги реклама буклетидан ўзини кўриб қолганини ёзган.
Воқеадан сўнг уй эгаси ҳатто мазкур соҳил суратининг нусхасини оилага совға қилишни ҳам таклиф этган. Бугун эса Биррелл опа-сингиллари бу кутилмаган ҳодисани қўрқинчли эмас, балки қизиқ ва унутилмас хотира сифатида эслаб юришларини айтишмоқда.






























Изоҳлар 0
…