Россияда агродронлар қишлоқ хўжалиги майдонларини қайта ишлашни бошлади

Россиянинг Калининград вилоятида қишлоқ хўжалиги майдонларига агродронлар ёрдамида ишлов бериш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилди. Мазкур ташаббус “Аэромакс” компанияси ва минтақанинг энг йирик агрохолдинги “ДолговГрупп” ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Октябр ойига қадар давом этадиган лойиҳа доирасида учувчисиз учиш аппаратлари минглаб гектар ерларни қайта ишлайди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Асосий эътибор анъанавий оғир техникадан фойдаланиш қийин бўлган ёки самарасиз ҳисобланган мураккаб релефли ҳудудларга қаратилган. Ишлар Гусев, Nestеров, Черняховск каби олтита муниципал округ ҳудудида олиб борилмоқда. Агродронлар беш метргача бўлган баландликда учиб, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини юқори аниқликда сепиш имкониятига эга.
Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, у экинларга зарар етказмайди ва оғир техникадан фарқли ўлароқ, тупроқнинг зичлашиб кетишига йўл қўймайди. Шунингдек, дронлар сутканинг исталган вақтида ва ёмғирдан сўнг дарҳол ишлай олиши сабабли агротехник тадбирларнинг тезкорлиги сезиларли даражада ошади.
Мазкур лойиҳа 2030-йилгача мўлжалланган “Янтарний дрон” минтақавий дастурининг бир қисми бўлиб, у агросаноат мажмуасини рақамлаштиришни кўзда тутади. Келажакда бундай технологиялар қишлоқ хўжалиги самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…