Аёлларнинг юриш-туриши, ахлоқ- одоби, ўзини тутиши ҳақида салбий фикрларни эшитишга, гапиришга бир мунча кўникиб қолдик. Афсуски, аёлларга аталган танбеҳлар, ўгитлар ҳавога учаётгандек бесамар кетмоқда. Қаерга қараб кетяпмиз? Бу қадар беҳаёлик, андишасизлик бизни қаерга бошлаяпти? Саволлар кўп, жавоб эса...
Яқинда йўналишли таксида хунук воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бекатга ўта замонавий кийинган қиз келди. Автоулов кутаётган йўловчи йигитга нимадир дея сўз қотди. Шу пайт биз кутаётган йўналишли такси келиб, чиқиб олдик. Қиз мен ўтирган ўриндиқнинг орқасидан жой олди. Унинг орқасидан чиққан йигит эса салонда деярли ҳамма ўриндиқлар бўш бўлишига қарамай, қизнинг ёнига ўтирди. Ўзи шундай бўлишини сезганим учунми, йигитнинг бу ишига қиз қарши таъсир кўрсатади, деган гумонда эдим.
Аммо ўйлаганимдай бўлиб чиқмади. Қиз сурилиб, йигитга ёнидан жой берди. Автоулов йўлга тушганди, орқамдагиларнинг суҳбати ўз-ўзидан қовушиб, қизиб кетди. Йигит ҳам сергапгина, боз устига жуда мақтанчоқ экан. Қиз ҳам ундан қолишмайди. Бир-бирларидан ёшларини сўрашганди, тенгдош чиқиб қолишди. Боядан бери қиз деб ўйлаганим икки болали жувон экан. Йигит эса ҳали оила қурмаган, айтиши бўйича “жуда кўп қизлар билан гаплашса-да, ҳеч севолмаётган экан”. Йўл узоқ, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани “Ширин” бозори ҳудудидан “Олой” бозорига кетяпмиз. Ҳозиргина бекатда танишишганлар эса бемалол бир-бирларига таржимаи ҳолларини баён қилишмоқда. Энг ёмони қулоққа пахта тиқиб кетса ҳам, уларнинг овози эшитилади. Автоуловга чиққан йўловчилар қаторида мен ҳам эшитиб кетаяпман. Гап орасида жувон учинчисига ҳомиладорлигини, токсикоздан қийналаётганини гапирганди, уялганимдан бошимни қуйи солдим. Ажабо, аёллар етти ёт бегона эркакка токсикозидан шикоят қиладиган шармисорлик тантана қилган замонга ҳам етиб келибмиз-да?!
Йўналишли таксидан тушаётиб жувон йигитга бир талай маслаҳатлар берди, қизлар ёмон бўлиб кетаётганини, уйланишда эҳтиёт бўлишини айтди. Йигит эса жувонга “эсон-омон қутулиб олинг”, деб тилак билдирди. Дарвоқеъ, телеграмда гаплашиб туришга аҳдлашиб, рақам алмашишди. Кулишниям, куйишниям билмай тош қотдим.
Ўйга толаман. Таниш аёлнинг эри билан бирга ишлайдиган аёллардан ёзғиргани эсимга тушди:
— Эрим билан бир жамоада ишлайдиган кўпчилик аёлларнинг эри йўқ. Эрсиз хотинга маломат тез ёпишади, деган гап бор. Ўзларининг аҳволи ҳалиги бўлса, бошқаларни ҳам тинч қўйишмайди. Бир куни тасодифан фейсбук ижтимоий тармоғида эримнинг дам олиш масканларининг бирида ишхонасидаги аёллар билан овқатланиб ўтирган суратига кўзим тушди. Ҳамкасабаси қўйган экан. Ўша аёлни танийман, икки марта турмуш қуриб ажрашган. Бир гаплашганимизда иршайиб “Опа, жамоадошлар дам олишга, овқатланишга чиқсак Анвар ака бормайман, дейдилар. “Ҳа, келинойимдан қўрқасизми, борманг деб қўйганмилар?!” деб мажбурлаб бўлса ҳам ўзимизга шерик қиламиз” деганди. Уй-жой қиламиз деб бироз қарзга ботганмиз. Эр-хотин тинимсиз ишлаб қарзларимизни узишга ҳаракат қиляпмиз. Бу ёқда болаларимиз ҳам катта бўляпти, ўқишига, тўгаракларига пул керак, рўзғорга аранг етказиб турибмиз. Кимга ёқади шунақа пайтда ишхонасидаги аёлларни кўча-куйда овқатлантириш?!
Эримни биламан, уйим-жойим дейдиган эркак. Лекин аёл макрига ишониб бўладими? Ўзи эр, оилани эплолмаган аёллар бемалол бировларнинг эри билан суратга тушиб, кўча-куйда овқатланиб, тоғу тошларга дам олишга ҳам чиқаверади-да. Суратни кўриб жаҳлим чиқди. Ҳам рашким, ҳам аламим келди. Ахир мен уйим уй бўлсин, рўзғорим рўзғор бўлсин деб на янги кийим кийсам, на бир дам олишга, сафарга чиқсам, эрим бўлса ишхонасидаги тайинсиз хотинларни кўнглини олиб юрса, шу адолатданми? Уйимизда бир ҳафта жанжал бўлди. Тинчимизни бузган ўша аёлни ишхонасига бориб шармисор қилмоқчи бўлдиму тағин эримнинг ҳурмати индамадим. Ўшанақаларнинг эри бўлмаса, отаси, ака-укаси бордир?! Камига эркаклар билан илжайиб тушган суратига онаси, қариндош-уруғи “ёқди” ишорасини берибди. У қандай она эканки, икки марта эрга тегиб чиққан қизи бегона эркаклар билан тушган суратини оммага ошкор қилса индамай томоша қилиб, маъқуллаб ўтирарверадиган?..
Бу каби воқеалар атрофимизда кўплаб учраяпти. Нопокликнинг қайси тури ҳақида эшитманг, унда албатта аёлнинг иштироки бор. Бегона эркаклар (жамоадош, ҳамкасб дегани, маҳрам дегани эмас!) билан суратга тушишдан, уни интернетга жойлаштиришдан ҳаё қилмаган аёлнинг отаси, ака-укасининг кўзи қаерда? Аёлнинг эркак яқинларидан ҳаё қилмаслиги, оиласида эркакларнинг ҳеч қандай ўрни йўқлигини далолат қилади. “Эркакларда рашк қолмаса, аёлларда ҳаё қолмайди” дейдилар Имом Ғаззоллий. Отаси, оға-иниси аёл жигарининг шаънига паноҳлик қилмаса, эгасиз аёл хаёлига келган номаъқулчиликни қилаверади.
Айтаримиз:
Қиз-аёлларнинг беҳаёлиги, бетгачопар, ибосиз, юзи қаттиқлигидан оғриниб кўп гапиряпмиз. Оилавий ажримлар кўпайганини бонг уриб хавотирга тушаяпмиз. Жамиятдаги иллатларнинг илдизи бир нарсага — Аллоҳдан ҳаё қилмаслик, Ундан қўрқмасликка тақалади. “Транспортда танишиб, суҳбатлашишса бунинг нимаси ёмон?”, “Жамоадош эркаклар билан овқатланиб суратга тушса бунинг нимаси ёмон?” дейдиганлар ҳам топилар. Ана шундайлардан қўрққулик. Улар — миллатнинг душмани. “Нима бўлибди?”, “Нимаси ёмон?” деб бегона эркак ва аёлнинг муносабатларини оқловчилар ҳисобига бугун одамлар орасидан ҳаё кўтарилган. Ҳаё билан бирга вафо, садоқат, ор-номус, саодат кўтарилган. Ҳамма гап — эркакларда! Эркаклар тез орада жамият ва оиладаги нуфузини қайтариб қўлга олмаса, эркакларнинг кўзига рашк ҳисси қайтмаса миллат маънавияти танзазулга учраши аниқ! Бу ваҳима ё дағдага эмас, оддий ҳақиқат. Ҳақиқатки, вақтида англашилмаса охири муҳаққақ азоб!..
Умида АЗИЗ
Манба: muslima.uz “Zamin” yangiliklarini “Instagram”da kuzatib boring
Ctrl
Enter
Xato topdIngizmi?
Iborani ajratib Ctrl+Enter tugmasini bosingMavzuga oid yangiliklar
Organizm o‘zini toksinlardan qanday tozalaydi?
Buyrak salomatligi uchun eng foydali sabzavot...
Turkiyaning Harper's Bazaar nashri yil ayolini aniqladi (foto)
Bayden va Jinping Peruda uchrashdi: «Agar bir-birimizni raqib deb bilsak, munosabatlarni buzamiz»
Ijtimoiy tarmoqlar davrida ruhiy salomatlikni qanday saqlash mumkin?
KXDR Rossiyaga 100 minggacha harbiy yuborishi mumkin
Turkiya Isroil prezidenti samolyotini havo hududiga kiritmadi
Tyumen oblastiga O‘zbekistondan mehnat migrantlari ishga jalb qilinadi