Ўзбекистонда никоҳига бир йил бўлмаган оилаларга ажрим чекланиши мумкин

Ўзбекистонда никоҳдан бир йил тўлмаган оилалар учун ажримни чеклаш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага чиқарилди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ушбу ўзгартиришни назарда тутувчи ҳужжатни оммага тақдим қилди.
Лойиҳага кўра, никоҳдан бир йил ўтмаган эр-хотинлар судга ажрим учун мурожаат қила олмайди. Бироқ бу чеклов оиладаги маиший зўравонлик ҳолатларига татбиқ қилинмайди. Мақсад — оилани сақлаб қолиш ва ажримларнинг олдини олиш.
Қонун лойиҳасида Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси 8¹-банд билан тўлдирилиши таклиф этилмоқда. Бу банд аризани кўрмасдан қолдириш сабабларини белгилайди. Масалан, хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги аризалар рад этилади.
Шунингдек, ажримдан олдин яраштириш муддати 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши, судлар томонидан оилавий низолар чуқурроқ ўрганилиши назарда тутилган. Ажримдан кейин вояга етмаган болаларнинг қайси ота-она билан яшаши ва бошқа ота-онанинг улар билан мулоқот тартиби ҳам аниқланади.
Лойиҳада алимент тизими ҳам такомиллаштирилиши кўзда тутилган: минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши ва ундирилган маблағлар бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланиши режалаштирилмоқда. Баъзи жараёнларни “электрон ҳукумат” орқали амалга ошириш ҳам назарда тутилган.
Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонда 37,5 мингдан ортиқ оила суд орқали ажрашган. Никоҳдан ажралишларнинг энг кўп ҳолатлари Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Самарқандда қайд этилган. Ажралишларга асосан ўзаро ишончсизлик, никоҳга тайёр бўлмаслик ва иккинчи никоҳга кириш сабаб бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!