Ажримда ярашиш муддати берилмаслиги мумкин: янги асослар таклиф қилинмоқда

Ажримда ярашиш муддати берилмаслиги мумкин: янги асослар таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда никоҳдан ажратиш жараёнида айрим ҳолатларда эр-хотинга ярашиш учун муддат бермаслик таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда 11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова маълум қилди.

Унинг айтишича, оилавий муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирда Президент Администрациясида кўриб чиқилмоқда.

Таклифга кўра, эр-хотиндан бири зўравонлик ёки тазйиққа учрагани, алкогол ёки гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйгани, ОИТСга чалингани ёхуд уч йил давомида узрли сабабсиз бирга яшамагани никоҳдан ажратишда ярашиш учун муддат бермасликка асос бўлиши мумкин.

Шунингдек, ажрим ёқасидаги оилалар билан ишлашда ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал дастур тузиш амалиёти жорий этилаётгани айтилди. Бунда оиланинг бошқа аъзолари ҳам қамраб олиниб, муаммолардан келиб чиқиб аниқ вазифалар ва масъуллар белгиланади.

Каттахонованинг таъкидлашича, оиладаги муаммо бандлик, уй-жой, соғлиқ, психологик ёки ҳуқуқий масалалар билан боғлиқ бўлса, тегишли хизматлар оилага комплекс равишда кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозир 10 миллион 505 минг 139 та оила мавжуд. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида 115 минг 879 та никоҳ қайд этилган, шу даврда 29 минг 353 та ажрим ҳолати кузатилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1470 тага ёки 5 фоизга кўп.

Ажримларнинг сабабларига оид таҳлилда судларга мурожаатларнинг 54 фоизида ҳарактерларнинг мос келмаслиги, ўзаро ишончсизлик ёки оилавий ҳаётга тайёр эмаслик каби сабаблар кўрсатилаётгани қайд этилди. Ижтимоий сўровда эса ажримга олиб келувчи омиллар сифатида ўзаро ишончсизликни 50 фоиз, бир-бирини тушунмасликни 46 фоиз, моддий етишмовчиликни 34 фоиз ва учинчи шахс аралашувини 29 фоиз респондент кўрсатган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар