Ўзбекистонда коммунал тўловлар нархи ошиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коммунал тўловлар нархи ошиши кутилмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув тарифлари ўртача 30 фоизга, маиший баллонлардаги суюлтирилган газ нархи эса 2,5 баробарга оширилиши таклиф этилмоқда.
  • Газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясининг қишки базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга кўтарилади, бу эса мазкур оралиқдаги тарифнинг 28 фоизга пасайишига олиб келади.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб иситиш ва иссиқ сув тарифларини аҳоли учун ўртача 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархини кўтариш, газлаштирилмаган ҳудудларда эса электр энергиясининг қишки базавий меъёрини ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда ҳукумат томонидан 13 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаларида сўз боради.

«Иссиқлик таъминоти соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасига мувофиқ, 1 ноябрдан республика бўйлаб аҳоли учун марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари тарифларини ўртача 30 фоизга ошириш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада 2026 йил 1 ноябрдан кучга кириши режалаштирилган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматларининг янги тарифлари ҳам назарда тутилган.

Суюлтирилган газ нархи 2,5 баравар оширилиши мумкин

Иссиқлик таъминоти билан бир қаторда, маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархини ҳам ошириш режалаштирилмоқда.

«Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасига кўра, суюлтирилган газнинг бир килограмми учун амалдаги 2 минг сўмлик нархни 5 минг сўмга етказиш таклиф этилмоқда.

Бироқ эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ойига 20 килограммгача суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм компенсация тўланиши кўзда тутилган. Натижада белгиланган меъёр доирасида бундай оилалар учун газнинг бир килограмми амалдаги 2 минг сўмлик нархда қолади.

Ушбу компенсацияларни молиялаштириш учун 158 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

Газлаштирилмаган ҳудудларда электр меъёри оширилади

Табиий газ тармоғига уланмаган ёки газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёрини ошириш таклиф этилмоқда.

Режага кўра, 2026 йил 1 ноябрдан ойлик базавий меъёр амалдаги 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга кўтарилади. Бунда 201–350 кВт·соат оралиғидаги электр энергияси учун амалдаги 900 сўм ўрнига 650 сўмдан тўлов ҳисобланади. Бу мазкур оралиқдаги электр энергияси тарифининг қарийб 28 фоизга пасайишини англатади.

Масалан, бир ойда 350 кВт·соат электр энергияси сарфлайдиган хонадоннинг тўлови 265 минг сўмдан 227,5 минг сўмга тушади. Натижада оила бир ойда 37,5 минг сўм маблағини тежаб қолиши мумкин.

Электр энергияси истеъмоли 250 кВт·соатни ташкил этганда тежам 12,5 минг сўм, 300 кВт·соат бўлганда эса 25 минг сўмга етади.

Янги базавий меъёр газлаштирилмаган абонентларнинг қарийб 80 фоизини қамраб олиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, иситиш мавсуми давомида 1,5 миллиондан ортиқ хонадон жами қарийб 171 миллиард сўмни тежаши мумкин. Бир хонадон ҳисобига тўғри келадиган ўртача тежам эса ойига 27,5 минг сўм атрофида бўлади.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иситиш мавсуми октябрь ойидан февраль ойигача давом этади. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса иситиш мавсуми ноябрь-февраль ойларини қамраб олади.

Газ етказиб беришдаги узилишлар ҳам инобатга олинади

Табиий газ тармоғига уланган бўлса-да, айрим даврларда газ етиб бориши қийинлашадиган ҳудудларда яшовчи хонадонлар ҳам қўшимча қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маълумотларга кўра, 2025 йил 2 декабрдан 2026 йил 17 мартгача бўлган даврда бундай хонадонлар сони айрим кунларда 5 мингтадан 607 мингтагача ўзгарган.

Шу сабабли қишки мавсумда электр энергиясидан фойдаланиш учун белгиланган базавий меъёрни ошириш таклифи газлаштирилмаган ҳудудлар билан бирга, энергия таъминотида муаммолар кузатиладиган шароитларни ҳам инобатга олиш зарурати билан боғлиқ.

Эҳтиёжманд оилаларга бир миллион сўмдан ёрдам берилади

Энергия тарифларини ислоҳ қилиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилган.

Режага мувофиқ, 2026 йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўмдан молиявий ёрдам ажратиш мўлжалланмоқда. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газ учун компенсация олиш мезонлари кенгайтирилади. Бунинг натижасида қўшимча 166 минг оилани давлат кўмаги билан қамраб олиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, базавий меъёрдан юқори энергия истеъмоли учун компенсация тўлаш муддатини 2027 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинмоқда. Агар таклиф маъқулланса, 470 минг оила яна бир йил давомида давлат ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Мазкур мақсад учун қўшимча 150 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

Уйларни энергия тежамкор қилиш чоралари ҳам кўрилади

Аҳолининг энергия харажатларини узоқ муддатда камайтириш учун фақат тариф имтиёзлари билан чекланиб қолмаслик, балки уй-жойларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳам режалаштирилган.

Хусусан, «оғир» тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги оилаларнинг 3 мингта хонадонида энергия тежамкорликка қаратилган ишлар давом эттирилади.

Бу жараёнда уйларни иссиқликни сақловчи материаллар билан қоплаш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар ўрнатиш, қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлардан фойдаланиш назарда тутилган.

Ушбу чора-тадбирлар уйларда иссиқликни яхшироқ сақлаш, энергия сарфини камайтириш ва аҳолининг коммунал тўловларини узоқ муддатда қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу тариқа, қишки электр энергияси базавий меъёрини ошириш аҳоли учун қисқа муддатли енгиллик яратишга қаратилган бўлса, уй-жойларни энергия самарадор қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш келгусидаги харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, иситиш ва иссиқ сув тарифларини ошириш, суюлтирилган газ нархини ўзгартириш ҳамда электр энергияси базавий меъёрини кўтаришга оид таклифлар ҳозирча қарор лойиҳаларида акс этган. Уларнинг жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 28 октябрга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар