Ўзбек алифбоси ўзгарди: тўртта ҳарф энди бошқача ёзилади

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонун имзоланди. Янги тартибга кўра, тўртта ҳарфнинг ёзилиши ўзгаради. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди
Қайси ҳарфлар ўзгаради?
Янгиланган алифбода қуйидаги ўзгаришлар назарда тутилган:
O‘ o‘ → Ö ö
G‘ g‘ → Ğ ğ
Sh sh → Ş ş
Ch ch → Ç ç
Шунингдек, «нг» ҳарфлар бирикмаси алифбода мустақил бирлик сифатида қолмайди. Натижада янги алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади.
Ҳужжатлар ва дарсликлар нима бўлади?
Президент Администрацияси раҳбари таъкидлашича, алифбодаги ўзгаришлар аҳоли ва давлат учун ортиқча харажатлар келтириб чиқармаслиги керак. Шу сабабли, аввал расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади.
Дарсликлар, кўча пешлавҳалари ва йўл кўрсаткичлари эса фойдаланиш муддати тугагач, босқичма-босқич янгиланади.
Қонун расман эълон қилинганидан олти ой ўтгач кучга киради. Демак, янги алифбога ўтиш дарҳол эмас, белгиланган муддат ва босқичлар асосида амалга оширилади.






























Изоҳлар 0
…