Саида Мирзиёева Тошкентнинг дизайн-кодини кескин танқид қилди

Саида Мирзиёева Тошкентнинг дизайн-кодини кескин танқид қилди
Қисқача

Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида дизайн-код талабларининг амалга оширилишини кескин танқид қилди. У 30 июл куни Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига ташрифи чоғида шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга мавжуд аҳвол шарманда еканини билдириб ўтди. Шунингдек, у Бахтиёр Раҳмоновга бу масалаларни Тошкент шаҳар ҳокими Шоукат Умурзоқовга етказишни топширди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида дизайн-код талабларининг амалга оширилиши юзасидан кескин танқидий фикр билдирди. Бу ҳақда у 30 июль куни пойтахтнинг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига амалга оширган ташрифи давомида сўз юритди.

Ташриф чоғида маҳаллада ноқонуний қурилиш ишлари, болалар майдончасининг бузилиши ҳамда дарахтларнинг кесиб ташлангани бўйича мурожаатлар ўрганилди. Шу жараёнда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга мурожаат қилган Саида Мирзиёева шаҳар ташқи қиёфаси билан боғлиқ ҳолатни қаттиқ танқид қилди.

«Арча байрам қилиб юборманглар. Шаҳарнинг дизайн-коди муҳим масала. Мен кўриб турибман дизайн-кодингизни, шарманда ҳамма жой», — деди у.

Шунингдек, маҳаллани тарк этаётганда Бахтиёр Раҳмоновга дизайн-код ва бошқа масалаларни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга етказишни топшириб, «Шарманда қилмасин», дея таъкидлади.

Эслатиб ўтиш жоиз, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2026 йил 17 февралдаги қарори билан пойтахтнинг дизайн-код қоидалари расман тасдиқланган эди. Ҳужжат шаҳар кўчалари ва биноларини тартибсиз реклама баннерлари, эълонлар ҳамда ташқи қиёфага салбий таъсир кўрсатувчи визуал элементлардан холи қилиш, шунингдек, ягона архитектура услубини шакллантиришни мақсад қилган.

Бироқ мазкур қоидалар қабул қилингач, тадбиркорлар томонидан бир қатор эътирозлар ҳам билдирилди. Хусусан, пешлавҳа ва рекламаларда корпоратив ранглар ўрнига нейтрал ёки паст тўйинган ранглардан фойдаланиш талаби кўплаб брендлар манфаатларига зид экани қайд этилди.

Шу билан бирга, қарорда қайси ранг ёки дизайн шаҳар қиёфасига мос ёки номос эканини белгилайдиган аниқ техник мезонлар келтирилмагани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тадбиркорларга дизайн-код талабларига мослашиш учун уч ойлик муддат ажратилгани, айниқса, бир нечта филиалга эга компаниялар учун катта қўшимча харажатларни келтириб чиқариши таъкидланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар