Ўзбекистонда айрим сунъий интеллект лойиҳаларига 6 ойгача бепул ресурс ажратилади

Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга эга айрим лойиҳалар учун давлатнинг сунъий интеллект инфратузилмасидан олти ойгача бепул ёки имтиёзли фойдаланиш имконияти яратилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 октябрдаги 581-сон қарорида белгиланган.
Имконият олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантиришга масъул маслаҳатчилари лойиҳалари учун мўлжалланган. Ресурслар Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси орқали тақдим этилади.
Ҳар ой 10 миллионтагача бепул токен
Катта тил моделлари технологиясидан фойдаланадиган лойиҳалар олти ойгача ҳар бир календарь ойида 10 миллионтагача токенни бепул қайта ишлаши мумкин. Токен — сунъий интеллект матнни қайта ишлашда фойдаланадиган бирлик бўлиб, унинг ҳажми матн ва тилга қараб фарқ қилади.
Белгиланган лимитдан кўпроқ ресурс керак бўлса, қўшимча 50 миллионтагача токен учун тарифлар асосида 50 фоизлик чегирма қўлланади. Бир ойда фойдаланилмаган бепул токенлар кейинги ойга ўтказилмайди.
Катта тил моделларидан ташқари бошқа сунъий интеллект моделларини ўқитиш, синаш, текшириш, баҳолаш ва ишлатиш учун ҳам ресурс ажратилади. Бунда фойдаланувчининг аризасига асосан олти ойгача жами 120 гигабайтдан ошмайдиган видеохотирадан фойдаланиш мумкин.
Лойиҳалар қандай танланади?
Бепул ёки имтиёзли ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи танлов орқали берилади. Танловлар йилига икки марта — июль ва ноябрь ойларида ўтказилади. Лойиҳалар 100 баллик тизим асосида баҳоланади.
Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар натижалар эълон қилинганидан кейин уч иш куни ичида электрон шаклда апелляция юбориши мумкин. Шикоятлар беш иш куни ичида кўриб чиқилади.
Низомга кўра, бир фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида фақат битта лойиҳа доирасида ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, ажратилган ресурслар ёрдамида олинган маълумотларни белгиланган мақсаддан ташқари қайта ишлаш, учинчи шахсларга бериш, нусхалаш, тарқатиш ёки тижорат мақсадларида ишлатиш тақиқланади. Қонунчилик ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.






























Изоҳлар 0
…