Сталин Гитлер каби то ўз ўрнини топгунча ўсмирлиги ва ёшлигида маслаксиз кезиб юрган эмас. Сталин нафақат ўсмирлигидан нимани исташини яхши биларди, балким у ўсмирлигидаёқ бу йўлда амалий сабоқлар олганди.
XX-асрнинг бошида Россия, бир томондан, жуда катта ва етарли даражада ривожланган салтанат эди, шунга қарамай, иккинчи томондан, унинг учдан икки қисм аҳолиси саводсиз ва қашшоқ эди. Ижтимоий-сиёсий тизим ривожланмаган, сиёсий онг даражаси иқтисодий тараққиёт даражасидан жуда орқада эди. Шу шароитда каттароқ саноат шаҳарларида ўзини марксистлар ёки социал-демократлар атовчи инқилобчилар гуруҳлари пайдо бўла бошлади. Улар ўзларини ишчилар орасига сафарбар қилиб, намойишлар ва иш ташлашларни ташкил қила бошладилар. Айрим иқтисодий-ижтимоий талабларнинг қондирилганидан руҳланган марксчилар энди сиёсий талабларни ҳам илгари сура бошладилар.
Бу алғов-далғовни уюштириб юрганлар орасида 1901 йил охиридан «Ленин» лақаби билан танила бошлаган Владимир Ульянов ҳам бор эди.
1898 йилда Минскда йиғилган съездда партияни тузолмаган марксчилар 1900 йил охиридан хорижда «Искра» номли яширин газета чиқарадилар ва 1903 йилда Лондонда социал-демократик партия таъсис этадилар.
Сталин «Искра»нинг илк сониданоқ хайрихоҳ бўлади ва Маркс ҳамда Ленин ғояларини ўзига жо қилади. Тақводор бўлиш орзусидан у буткул воз кечди ва ўзини инқилобий талотўмга урди, партияга маблағ етказиб бериш учун кассаларни ўмарди, тўгаракларда нотиқлик қилди, қамалди, сургун қилинди…
Сталиннинг Батумидаги маҳаллий партия қўмитасининг мажлисларида ўзини тутишини ўша пайтда ёшгина инқилобчи қиз бўлган Ф.Кнунянц шундай тасвирлайди: «У ҳамма гапириб бўлгунича, жим эшитиб ўтирарди. Ўзи энг охирида сўзлар эди. Шундай қилиб, у кутиб ўтирар, ҳаммани эшитар ва ўз фикрлари билан ичида таққослар… ва ўз сўзини мажлиснинг якунловчи сўнгги зарби сифатида жаранглатарди. Шунданми, унинг сўзлари қандайдир алоҳида аҳамият касб этарди». Сталин ана шу мажлисларда партиявий ўйинларнинг машқини олиб борарди.
Шундан сўнг Сталинни қамоққа оладилар ва Шимолга – Вологдага сургун қиладилар. Никита Хрушчевнинг эслашича: «Сталин кўпинча шундай дерди: «Ўзимнинг биринчи сургун қилинишим вақтида жиноятчилар орасида бир неча дурустгина йигитларни учратдим. Мен фақат улар билангина мулоқот қилардим… Бу жиноятчилар аъло йигитлар эди - ҳақиқий ернинг мағзи шулар эди. Сиёсий маҳбуслар орасида эса каламушфеъллар кўп эди». Сталиннинг ақлли одамларни ёқтирмаслиги, фақат қотиллар билан тил топа олиши ўша пайтлардаёқ маълум эканини бу парча исботлаб турибди. Кейинчалик ҳам Сталин давлат тепасига ўтиргач, ўз ёнига Берия, Вышинский, Ежов, Ягода каби жиноятчиларни тўплади, Бухарин, Троцкий, Каменев, Файзулло Хўжаев каби сиёсатчиларни ўлдиртирди.
Умуман, Сталин назарий мунозараларни, музокараларни ёқтирмасди, яъни у демократияга қарши эди. Кўпинча сиёсатдонлар ҳокимият лаззатини тотгач, аста-секин айнийдилар, золимлашадилар. Сталин эса азалдан «тартиб» тарафдори эди. Мана, унинг ҳали ҳокимият кўрмасидан кўп йиллар олдин, 1905 йил 1 январида яширин матбуотда чоп этилган «Пролетариат синфи ва пролетариат партияси» мақоласидан иқтибос: «…Курашаётган пролетариатни бошқаришни мақсад қилган партия якка одамларнинг тасодифий тўдаси эмас, мустаҳкам марказлашган ташкилот бўлиши керак».
Сталин учун марксизм ҳам мафкура сифатида қадрли эмас, у ҳатто 1909 йилда «Бакинский рабочий» газетасида партиянинг Боку қўмитасининг қарорини чоп эттириб, ҳатто Ленинга диалектик материализмнинг айрим тушунчаларини қайта кўриб чиқиш масаласида фалсафий баҳсларни қўзғаб, болшавойлар фракциясини парчалаётганлиги учун эътироз билдиради. Тасаввур қилинг, Сталин учун диалектик материализмнинг айрим қирраларида хато бўлса-да, буни тузатиш муҳим эмас. У нафақат назарияда, балким стратегия ва тактикада ҳам «бирлик», яъни доҳийга итоаткорлик бўлиши тарафдори эди.
Сталиннинг биографларидан бири Исаак Дойчер шундай ёзганди: “У нафақат эзувчиларга – помешчиклар, капиталистлар, руҳонийлар ва жандармларга, балким эзилувчиларга – ўзи ҳимоя қилишга чоғланаётган ишчилар ва деҳқонларга ҳам ишончсизлик ва шубҳа билан қарарди. Унинг талқинидаги социализмда айбдорлик туйғуси йўқ эди… Юқори табақадан чиққан инқилобчилар учун синфий нафрат асосий туйғу бўлмай, уларнинг назарий қарашларининг ҳосиласи эди. Сталиннинг синфий нафрати эса иккиламчи эмас, унинг айнан асосий туйғуси эди. Унинг социализми совуқ, ҳушёр ва шафқатсиз социализм эди».
Сталинни ҳеч кимнинг ишончини қозонмаган ва ўзи ҳам ҳеч кимга ишонмайдиган, нописандликни сира унутмайдиган, ўзи билан баҳслашган ёки уни инкор этган одамни сира кечирмайдиган шахс сифатида билишарди. Шу одам яширин ўйинлари оқибатида кейинчалик улкан бир мамлакатнинг тепасига келиб, ўттиз йил элнинг тинкасини қуритади, деб ўшанда ҳеч ким ўйлаган ҳам эмасди.
Сталин, гарчанд ҳокимиятга келганидан сўнг инқилоб тарихини ўзига қулай тарзда бошқатдан ёздирган бўлса-да, аслида инқилоб пайтида сезиларли шахс бўлган эмас. У асосан қароқчиликда – партияга маблағ топиш учун банк ва почта экипажларини «экспроприациялаш»да ном чиқарган эди.
Кейинги шўро мафкурачиларининг етмиш йиллик ташвиқотларига қармасдан, аслида большавойлар 1917 йилнинг августигача инқилобий жараёнда сезиларли ўрин тутган эмаслар. Улардан кўра эсерлар ва меншавойларнинг омма орасида ҳам, Советларда ҳам тарафдорлари кўп эди.
Ленин ва болшавойлар ҳам, бошқа социалистик партиялар ҳам инқилобни амалга оширганлари йўқ. Деҳқонларни ер масаласи азалдан норози қилиб келарди, армия озиқ-овқат йўқлигидан исён ҳолатида эди, иқтисодий-сиёсий таназзул исканжасида мамлакат ғала-ғовурга тўлган, халқ ҳолдан тойган эди ва бу ҳолатни болшавойлар, марксистлар яратган эмасди. Бу ҳолатни чоризм яратганди.
Маккор Лениннинг «даҳо»лиги шунда бўлдики, у юзага келган вазиятда нима қилиш кераклигини англаб етди ва дилтортар шиорларни – урушлардан безган аскарларга - «тинчлик», оч-наҳор деҳқонларга – «ер», тинка-мадори қуриган аҳолига - «нон», тартибсизликлардан эзилган фуқароларга «ишчилар назорати»ни ваъда қилди.
Россияни емиришдан манфаатдор немисларнинг қўллаб-қувватлаши ва Оврўпонинг хайрихоҳлиги натижасида хорижда турган Ленин керак пайтда бошқа инқилобчи жангарилар билан Олмония худуди орқали Швецияга, 1917 йил 3 апрелда Петрограднинг Фин вокзалига етиб келди.
Сталин Ленин келишидан уч ҳафта олдин Петроградга келиб бўлғуси қайнатасининг уйида бекиниб яшаётган эди. Сталин билан Муранов ва Каменев каби инқилобчилар ҳам Сибирдан қайтиб келдилар ва муҳим ўринларни эгалладилар. Сталин Лениннинг «бевақт ўлими»дан сўнг унинг «инқилобдаги қаҳрамонликлари»дан хабардор бу сафдошларнинг барини йўқ қилиб юборди, албатта.
Ленин Сталинни ўз тўдасига киритишига сабаб шу эдики, у, Лениннинг фикрича, «масъулиятли топшириқларни аъло даражада бажарувчи» эди. Сталин ўзига хос фикрловчи фозил одам эмасди, Троцкий ва Каменев каби заковатли мутафаккир, зиёли ҳам эмасди, Ленинга ўхшаб оломонни ортидан эргаштира оладиган партия йўлбошчиси ҳам эмасди, аммо айнан у ҳар қандай топшириқни берса, бажара оладиган «ижрочи», орқада, панада туриб муҳим каззоблик ва қаллобликларни амалга ошира оладиган «ташкилотчи» эди. Бу «фазилатлар»и туфайли Ленин унинг чаласаводлиги, қўполлиги, бешафқатлигини кўрмасликка олишга тайёр эди. Қолаверса, Ленинга инқилобий вазиятда сиёсий баҳсу мунозараларга боши билан шўнғиб кетадиган мутафаккирлардан кўра Сталиндай каллакесарлар кўпроқ керак эди.
Сталин «Правда» газетаси учун тез-тез оқилона мақолалар ёзмас, узундан-узоқ музокараларда тортишиб юрмас, бу тинка қуритувчи мафкуравий ишларни сўзамол Ленинга қўйиб, ўзи орқа планда ташкилий ишлар, турли ижтимоий табақалар билан алоқа ўрнатиш, иш ташлашлар ва намойишлар уюштириш билан шуғулланарди. Сталиннинг ана шу «уюштириш» ва «ташкиллаштириш» истеъдоди кейинчалик унга Ленин ва унинг сафдошларидан ҳокимиятни тортиб олишида қўл келди ҳамда айнан ана шу аҳолининг онгсизлиги ва тобелигини тинимсиз «ташкиллаштириш» ва «уюштириш» Сталин тузган ҳолда етмиш йил ўзгармай қолган совет тузумининг бош белгиси бўлиб келди.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди