Фото: Reuters
Россиялик сиёсатчи Евгений Ройзман ўзи яшайдиган уйда қўлга олинди. Унга нисбатан уруш даврида қўллаш урф бўлган Россия армиясини обрўсизлантириш айблови илгари сурилганди. Екатеринбург шаҳри собиқ мэрининг қўлга олиниши катта шов-шувга сабаб бўлди. Аммо у қамоқдан қутулиб қолди.
Екатеринбургдаги уйидан ОМОНчилар томонидан олиб чиқиб кетилаётган Ройзман «Бир оғиз гапим – Украинага босқин, деганим учун иш очишди. Бу ҳақда аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман», дейишга улгурди.
Ройзман россиялик сиёсатчилар орасида урушга қарши эканини айтганлардан энг машҳури эди. Қўшимчасига Екатеринбург собиқ мэри урушга қарши чиқиб озодликда қолаётган кам сонли россиялик машҳурлардан бири бўлиб турганди. Бу ҳақда Ройзманнинг ўзи ҳам гапирган ва қўлга олинган ҳаммаслаклари билан суратни саҳифасига жойлаб, «Биргина мен озодликдаман», деб ёзганди.
Иля Яшин қўлга олингач, айнан Ройзман Россияда бўлатуриб озодликда қолган мухолиф кайфиятдаги энг машҳур россиялик бўлиб турганди. Журналист Яшин ҳам Россия армияси ҳақида фейк маълумот тарқатиш айблови билан қўлга олинган ва унга 10 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда.
Россия армияси ҳақида фейк хабар тарқатиш ва Россия армиясини обрўсизлантириш каби икки модда мамлакат жиноят кодексига уруш бошлангандан кейин киритилди. Россия армиясини обрўсизлантириш бўйича айблов худди шу мазмундаги маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган қоидабузарлик такроран амалга оширилганда қўлланади.
Май ойида Ройзман Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга мурожаати учун 85 минг рубл жаримага тортилган. Ўшанда Лавров «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) АҚШнинг мутлақ гегемонлигига чек қўяди, деганди. Ройзман эса бу гап ҳақида «Шунинг учун ўз мамлакатингизни яксон қилишга қарор қилдингизми?» дея саволли твит ёзганди.
Тонгги соат олтида
Кучишлатар тузилмалар ходимлари Евгений Ройзманнинг фонди офиси ёнида. 2022 йил 24 август
Reuters / Scanpix / LETA
Евгений Ройзманга нисбатан чиндан Россия армиясини обрўсизлантириш айблови билан жиноий иш очилди. Тонгда соат олтида Екатеринбургдаги уйида қўлга олинган Ройзман тезда Москвага олиб кетилди ва 48 соатга қамоққа олингани маълум қилинди.
Ройзман 2013 йилдан 2018 йилгача Екатеринбург шаҳри мэри лавозимида ишлаган. 2003 йилдан 2007 йилгача Думага «Справедливая Россия» партиясидан депутатликка сайланган ҳам. Ройзман ушбу партия раҳбари Сергей Миронов билан ҳам уруш масаласида тортишиб қолган.
Қандай муносабат билдиришмоқда?
Қамоқда қолаётган Иля Яшин Ройзманнинг қўлга олинишини шармандали ҳолат деб атади.
«Ройзманни қўлга олиш учун бутун бошли отряд борибди, ҳатто моторли арра билан. Қандай шармандалик», деган ҳуқуқ фаоли Марина Литвинович.
Журналист Дмитрий Колезевнинг айтишича, Екатеринбургдаги Ройзман яшайдиган уй атрофини зобитлар ўраб олган, ҳатто атрофдаги бошқа уйларда ҳам уларни кўриш мумкин. Ройзманнинг уйи томонга олиб борадиган пиёдалар йўлакчасидан ҳам одамларни ўтказишмаган.
Ройзманнинг ўзи уйидан чиқиб кетаётганда бир оғиз гапи учун иш очишганини айтди. «Украинага босқин, деб айтгандим. Шу учун иш очишди», деди сиёсатчи.
Амалдаги сиёсатчилар орасида ҳам Ройзманни қўллаётганлар топилади. Свердловск области губернатори Евгений Куйвашев Ройзман билан муносабати яхши бўлмаса-да, ҳурмат ва адолатга муносиб эканини айтди. «Евгений Ройзман билан муносабатларимиз доим мураккаб бўлган. Биз ўзаро мухолиф инсонлар эдик ва ҳозир ҳам шундай. Аммо қонун ишлаши керак. Ройзман мамлакатдаги ҳар қандай бошқа одам каби ҳурмат ва адолатга муносиб. Умид қиламанки, шундай бўлади ҳам», деди Куйвашев.
«Бўлаётган ишларда иштирок эта олмайман»
Ройзман россиялик журналист Катерина Гордеевага шов-шувли интервю берганди. Унда айниқса уруш ҳақида Россия расмий позициясига зид фикрларни билдирган.
«Агар 2018 йилда губернаторликдан кетмаган ва ҳозирда ҳам ишлаётган бўлганимда ўз ихтиёрим билан ишдан бўшаган бўлардим, чунки бўлаётган ишларда жисмонан иштирок этишни истамайман.
Мендан нега ҳамон Россиядасиз, деб сўрашади. Нега кетишим керак? Мен шу ерда туғилиб ўсганман, шу заминга боғланганман. Ватанимни севаман ва бир қарич ҳам ҳеч қаерга силжимайман. Ўзимга нисбатан хатар борлигини ҳис қиламан, аммо Россияда кетмайман. Бу қочиш бўлади», деганди у.
«Ватаним қилган ишдан юрагим оғрияпти»
Бошқа бир интервюсида Ройзман Россия қилаётган ишлардан оддий россиялик сифатида юраги оғришини айтганди.
«Менинг давлатим нима қилаётганини жуда яхши тушуниб турибман. Ўзимни билвосита бўлса ҳам бунинг иштирокчиси деб ҳис қиляпман. Бундан юрагим оғрияпти, уяляпман. Атрофимда бу тушунарсиз урушни қўллайдиган ҳеч ким йўқ. Эси жойида бўлган ҳамма уруш бошланганда бошини чангаллаб қолди. Бу қўрқинчли ва жуда оғриқли эканини ҳис қилди. Энг ёмони эса ҳеч нима қила олмаслигингни ҳис қилгандаги чорасизликдир», деганди сиёсатчи.
Ройзман Украинада кўп вақт бўлгани, ҳеч қандай миллатчиликка гувоҳ бўлмаганини ҳам айтган.
«Мен Украинанинг бу бурчагидан нариги бурчагигача айланиб чиқиб, бирорта миллатчи кўрмаганман. Рус тили билан ҳеч қандай муаммо сезмаганман, ҳамма билан русча гаплашганман. Украинада бу масалада нафақат можароли ҳолат, балки ноқулай ҳолатга ҳам тушмаганман. Пойтахт Киевда кўпчилик русча гаплашарди. Шундай экан, миллатчилик ҳақида гаплар мен учун шунчаки эртак. Мен ҳақиқий миллатчилар қаерда эканини яхши биламан», деганди у.
Ройзманнинг фикрича, Россия урушга тайёрланишни 2004 йилдаёқ бошлаб юборган.
«Мамлакат этикларини кийишни 2004 йилдаёқ бошлаганди, ҳеч иккиланишсиз, буни сезганман. Нимада сезилган? Кўп ҳаракатларда, масалан, совет фильмларини қайта қўя бошлашганда. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабадан тузумнинг хизматида фойдалана бошлашди. Қисқасини айтганда, барчанинг онгини шу нарсага йўналтириш ҳаракати бошланганди», дейди у.
Ройзман уруш бошланган вақтда нималарни ҳис қилгани ҳақида шундай деганди: «Бошқа мамлакатда уйғондим, деган баландпарвоз ибора айнан шу ҳолатда ўз маъносида ишлатилиши мумкин эди. Мантиқан олганда, уруш бизгача ҳам келиши мумкин. Урушнинг натижаси қандай бўлишини билмайман, лекин у ерда (Украинада) ҳеч ким таслим бўлмаслигини биламан. Билмайман, бизга яна имкон бериладими ёки йўқми, аммо биз ватанимиз озод ва асосийси қувноқ бўлишига ҳаракат қилишимиз лозим».
Уйдан топилган ташриф қоғозлари
Тармоқда Ройзманнинг уйида топилган ташриф қоғозлари ҳақида маълумотларга эътибор қаратиб ҳазил қилишмоқда. Россия сайтларида тинтув пайтида сиёсатчининг уйидан хорижий дипломатларнинг ташриф қоғозлари топилгани ҳақида ёзишди. Хусусан, Украина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Игор Смешконинг ташриф қоғози. Аммо бу маълумотлар тасдиқлангани йўқ.
Суд
25 август куни Москвада Ройзман устидан суд жараёни бошланди. Жараённи ёритиш учун суд залига жуда кўп ОАВ вакиллари борди ва Ройзман суд залига ўтаётганда уни олқишлар билан кузатиб қўйишди. Қафасда туриб Ройзман инсон учун энг катта бойлик эркинлик эканини айтди.
Судда иштирок этган терговчи Ройзманга қарши иш урушга қарши эканини айтган видео учун очилганини айтди. Терговчи Ройзманда хориж паспорти бўлгани сабаб у яшириниши хавфи борлигига эътибор қаратди. Сиёсатчига нисбатан 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин эди. Терговчи Ройзманни қамоққа юборишни эмас, фақат баъзи ҳаракатларни чеклашни сўради.
Одатда бундай модда билан айбланаётганлар қамоқ жазосига ҳукм қилинаётганди, аммо Ройзманнинг ишида судя сиёсатчини суд залидан озод қилишга ҳукм чиқарди. Терговчи сўраган чекловнинг баъзилари тасдиқланди, баъзилари эса йўқ. Хусусан, терговчининг Ройзман фақат соат 23:59 дан 00:00 гача уйидан чиқиши мумкинлиги борасида талаби рад этилди. Аммо унга жамоат жойларига бориш, жиноий ишдаги гувоҳлар билан гаплашиш, интернетдан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди.
Сиёсатчи ўзига қўйилган чекловларни тўлиқ тушунмагани, бу борада адвокати билан гаплашиши кераклигини айтди. Ройзманнинг адвокати Владислав Идамжапов сиёсатчини суд биноси ташқарисида кутиб турган кўп сонли журналистлар қаршисига чиқиб, уни бу ерда кутмаслик кераклиги, Ройзман дастлаб полиция бўлинмасига олиб борилишини айтди.
Кейинроқ Ройзман суд залидан чиқди. ОАВда унинг суратлари эълон қилинди. Россиялик таҳлилчилар нега ОМОН уйидан олиб чиқиб кетган Ройзман қамоққа олинмагани борасида фикрларини билдиришмоқда. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?